Дилда дардинг бўлмаса…
Интернет – замонамизнинг энг муҳим ихтироларидан бири. У янгиликлар, илму ижод, узоқни яқин қилувчи қулайликлар манбаи. Бироқ бу ўнғайликнинг хавотирли жиҳатлари ҳам борки, биз ана шундан эҳтиёт бўлишимиз лозим. Масалан, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар жамиятда шу қадар фаоллашиб боряпти-ки, ёши қари телефондан кўз узолмай қолди. Одамлар кўчада, автобусда, мошинда, метрода, борингки, дастурхон бошида ҳам телефондан бошқа нарсага қарамаяпти. Бунинг оқибатида инсонлар бегоналашиб боряпти. Оилалар дастурхон атрофида жам бўлиб самимий суҳбатлар қурмай қўйди. Ҳамманинг қўлида смартфон ва барчанинг хаёли, ҳамсуҳбати ҳар жойда.
Баъзида йўлда кетаётиб, айниқса, ёшларнинг телефонидан кўз узмаётгани эътиборингизни тортади. Нимани кўриб кетяпти экан, деб қизиқиб бўйласангиз, арзимаган нарсаларга вақтини ва кўз нурини сарфлаётганига гувоҳ бўласиз. Наҳотки шу экран ортидаги бачканадан бачкана нарсалар атрофимиздаги ҳақиқий оламдан қизиқарлироқ бўлса, деб энсангиз қотади.
Яна денг, telegramда ҳар хил каналлар, гуруҳлар кўпайиб кетган. Уларнинг ичида фойдалилари ҳам бор, албатта. Аммо аксари фақат истеъмолчининг вақтини оладиган беҳуда, беҳаё, беибо нарсаларга тўла… tik tok деганлари-ку, беҳаёлик устига қурилган десангиз ҳам ҳаққингиз кетмайди.
Канададаги Саймон Фрейзер университети (Simon Fraser University) олимлари олиб борган тадқиқотда ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиш ва руҳий бузилиш касалликлари ўртасида боғлиқлик борлиги аниқланди. Яна уларнинг таъкидлашича, одамлар 2010 йилдан буён диққатни жамлаш, маълумотни таҳлил қилиш ва мантиқий фикр юритишда қийиналмоқда. Жумладан, ривожланган давлатларда катталарнинг 25 фоизи оддий математик вазифаларни еча олмайди, АҚШда эса бу кўрсаткич 35 фоиз. 2015 йилдан кейин 18 ёшли ёшлар орасида диққатни жамлай олмаслик кескин ошган. 2022 йилда ўтказилган сўровномада қатнашганларнинг ярмидан кўпи бирорта ҳам китоб ўқимаганини тан олган, ёшларнинг эса 45 фоизи мутлақо китоб ўқимайди.
Ҳосили калом, канали аъзолари сонини кўпайтиришни қасд қилиб, қизиқарли бўлиши учун ёлғон-яшиқ нарсаларни гапираверадиган, одамларнинг вақтини ўғирлайдиганлар билиб қўйсинларки, Аллоҳ таоло муборак Каломида сўз айтишнинг масъулиятини эслатиб: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф сураси, 18-оят), деб огоҳлантирган.
Буюк шоир Бобораҳим Машраб эса “Дилда дардинг бўлмаса, сардафтаримни кавлама”, деб дарди йўқ кимсаларнинг вайсашидан безорлигини баён қилган.
Модомики, Парвардигоримиз оғзимиздан чиққан ҳар бир сўзнинг ёзиб олинишини айтиб огоҳлантирган, улуғларимиз бекерак нарсаларни гапирувчиларни маломат қилган экан, биз ана шу таълимотларга риоя қилайлик, Дардимиз бўлмаса, бошқаларнинг вақтини исроф қилмайлик. Ҳартугул, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одобига риоя қилганимиз тузук. Каналларга, гуруҳларга томоша қилган,ўқиган кишининг илмини бойитишга, инсонийлик туйғуларини тўлқинтиришга ҳисса қўшадиган материаллар жойлайлик. Бўлмаса, жим тўрайлик. Ана шундагина гуноҳкор бўлиб қолмаймиз ва бошқаларнинг ҳам фикрлари тарқоқ бўлиб қолишига ҳисса қўшмаган бўламиз.
Робия ДАМИН қизи,
ЎзДЖТУ талабаси