Уларни тирик етим қилманг!
Синфларда дарс бўляпти. Мен ташқаридаги дарахт соясида газета ўқиб ўтирган эдим. Шу пайт мактаб ҳовлисига ўн чоғли ўқувчилар кириб келди. Улар ниманидир маслаҳатлашиб, ярми ўнг томондаги, ярми чап томондаги хоналарнинг очиқ деразаларидан ичкарига мўралашар, чамамда, кимнидир қидиришарди. Уларни чақириб, қаердан келганларини, нима қилиб юрганларини сўрадим.
– Маҳбуба деган синфдошимиз шу ерда ўқийди, кўргани келдик, – деди бир қиз.
Болалар ўн чақиримча узоқдаги қишлоқдан экан. Йўлни яқин қилиш мақсадида дала оралаб келишгани шундоқ билиниб турибди. Иссиқдан терга тушишган, оёқ кийимлари ҳам чанг. Ўғил болалар шимларининг пойчасини тиззасигача шимариб олишган.
Мен уларга:
– Ҳа, мен Маҳбуба исмли қизни танийман, олтинчи синфда ўқийди. Уч ойча бўлди, бизнинг мактабга келган, – дедим.
Маҳбуба уларни деразадан кўриб қолган бўлса керак, мактаб эшигидан ўқдек отилиб чиқди-да, ўзини дугоналарининг бағрига отди. Барчаси билан бирма-бир қучоқлашиб кўришди. Бир неча ўн йиллик ҳижрондан кейин учрашгандек, ҳаммаси Маҳбубани ўртага олиб йиғлади. Маҳбуба келмаган синфдошларини, ўқитувчиларини номма-ном сўраб чиқди.
– Биз сени олиб кетгани келдик. Бирга кетасан-а, Маҳбуб?! – дейишди дугоналари.
Маҳбуба эса жавоб бериш ўрнига ерга қараб йиғлар, кўзёшларини артар, қадрдон мактабига, меҳрибон дугоналари бағрига қайта олмаслигидан надомат чекарди. Чунки унинг онаси отаси билан ажрашиб, ўз қишлоғига қайтиб келган эди.
Ўйлаб кўрсам, Маҳбуба нафақат ота меҳридан, балки дилкаш дугоналаридан, беғубор, қувноқ болалигидан ҳам айрилган экан…
Ҳаёт турли синовлардан иборат. Аммо болажонларнинг жажжи дилидаги катта ғамни, кўзидаги маржон ёшни кўриб баъзан чидолмай қоласан киши. Катталарга қарата: “Нима қиляпсизлар?! Болаларга раҳмингиз келсин! Уларни тирик етим қилманг!” дегим келади.
Ажрим туфайли фарзандлар етим, аёллар бева, эркаклар ёлғиз қолади. Оила барбод бўлиши нафақат ижтимоий ҳаётда, балки динимизда ҳам қораланади. Эр-хотиннинг ажралиши, никоҳнинг бузилиши Аллоҳнинг ғазабини келтиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳни энг ғазаблантирадигани талоқдир” (Имом Абу Ҳотим ривояти), деганлар.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Шундай экан, келинг, азизлар, оила аталмиш қўрғоннинг, улуғ неъматнинг қадрига етайлик, уни доимо асраб-авайлайлик. Арзимас сабаблар билан жаҳл отига миниб, муносабатларимизни бузмайлик. Бизга омонат берилган оила борасида ҳам қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинишимизни унутмайлик!
Қосимжон СОЛИЕВ,
Бешариқ тумани
“Мўминалар” журнали, 8-сон, 2024 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws