Сиганаки институтининг илк битирувчиларига сертификатлар топширилди
Остона шаҳрида Хусамуддин ас-Сиганакий номидаги Ислом институтининг илк битирувчиларига сертификатларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Қозоғистон мусулмонлари диний идораси қошидаги мазкур таълим муассасаси уч йил аввал ташкил этилган бўлиб, бугун ўзининг илк мутахассисларини тайёрламоқда, деб ёзади, muftyat.kz.
Маросимда Бош муфтий Наурузбой ҳожи Тағанули, давлат ва жамоат арбоблари, Туркия ва Миср элчихоналари вакиллари, шунингдек, мамлакатимизнинг зиёлилари, таниқли дин олимлари ва устозлари иштирок этди. Уларнинг барчаси битирувчиларга илиқ тилаклар билдирди.
– Бугун биз учун ўзгача, қувончли ва тарихий кун, бундан уч йил аввал имом-хатибларни чуқурроқ тайёрлаш, мумтоз асарларни ўрганиш, араб тилини равон сўзлаш, диний масалаларни тушунтириш кўникмасини шакллантириш мақсадида Ҳусамуддин ас-Сиганакий номидаги Ислом институтини очган эдик. Aллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, институтнинг “Ислом илмлари” йўналиши бўйича чуқур билим олган илк битирувчилари ўзларининг муносиб сертификатларини олишмоқда. Институт қошида очилган “Ижаза” марказида таҳсил олган учинчи гуруҳ Қуръон ҳофизларига ҳам махсус сертификатлар топширяпмиз. Аллоҳ таоло олган илмингиздан барака берсин”, деди тантанали тадбирда сўзга чиққан Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси.
Маросимда нафақат асосий йўналиш битирувчилари, балки институт қошидаги “Ижаза” марказида таҳсил олган Қуръон ҳофизларига ҳам махсус сертификатлар топширилди. Бу талабалар Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб, “қироат” (Қуръон ўқиш) бўйича тегишли имтиҳонларни муваффақиятли топширди.
Бу муҳим қадам бўлиб, Қозоғистонда диний таълим янги босқичга қадам қўйганини англатади. Институт битирувчилари ўз юртидаги масжид ва мадрасаларда, шунингдек, диний таълим йўналишларида фаолият олиб боради.
Илёс АҲМЕДОВ тайёрлади.