Таълим ўзи нима?
Таълим нима учун керак? Унинг киши ҳаётидаги ўрни қанчалар муҳим? Расмий мактабда олинган илмнинг ҳаёт мактабида эгалланган билимдан устун ё қусурли
жиҳати борми?
Ҳар сафар болаларим мактабида бирор жиддий ҳолат бўлса ё ўқитувчи ўқувчини, ҳатто ўқувчи ўқитувчини ургани ҳақида хабар тарқалса, шу саволлар гирдобида қоламан. Таълим ўзига юкланган асл вазифани бажарган ҳолда, албатта, керак. Унинг қиймати ниҳоятда баланд, ҳатто инсон умри билан ўлчанар даражада. Таълимнинг бор-йўқлиги кишининг сифатли ё сифатсиз яшашини белгилайди. Ўз соҳибининг яхши, тўлақонли турмуш кечиришини таъминлайди. Жамиятдаги обрўси, мақоми ва даражасини кўтаради.
Илм сизнинг қайси дорини ичиш, қуёш иссиғида юришингиз зарарлигини билишдан тортиб, 170 км/соат тезликда келаётган машинанинг олдини кесиб ўтиш ҳалокатли эканини тушунишингизгача иштирок этади.
Илм болангизни ичиш, чекиш каби иллатлардан, уни хафа қилиб бўлса-да, қайтаришдан тортиб, ўз кун тартибингизни соғлом уйқу билан таъминлаш заруратини англашингизгача акс этади.
Таълим ҳаётнинг барча соҳасига кириб борган. Таълим йўқ соҳанинг ўзи йўқ. Фақат бири расмий тан олинган, иккинчиси ҳаёт хатолар қилиш эвазига тажриба шаклида берган таълимдир. Мисол учун деҳқон ернинг шўрини ювмасдан экин экмаслик кераклигини тажриба туфайли билади, йиллар давомида ер илмини эгаллайди ва миришкорга айланади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: «Сен: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар» (Зумар сураси, 9-оят).
Мужодала сурасининг 11-оятида эса илмли кишилар Аллоҳнинг ҳузурида бошқалардан кўра юқори мартабада туришлари марҳамат қилинган: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради”, деганлар (Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Илмли одам ҳар жойда қадрланади. Икки дунё саодатига эришиш учун ҳам илму ирфон билан машғул бўлмоқ керак. Шундай эмасми?!
Муҳайё ЙЎЛДОШ
“Мўминалар” журнали, 8-сон, 2024 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws