Москва Ислом институти – мулоқот майдони: оммавий ахборот воситаларида анъанавий қадриятларни тарғиб қилиш бўйича курслар
2025 йил 23-27 июнь кунлари Москва Ислом институтида “Мусулмон диний ташкилотлари матбуот хизматлари фаолиятида анъанавий рус маънавий-ахлоқий қадриятларини сақлаш ва мустаҳкамлаш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш” мавзусида малака ошириш курслари ўтказилади.
Курслар Москва Ислом институти ва Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси томонидан Ислом маданияти, фан ва таълимини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида ташкил этилиши режалаштирилган.
Dumrf.ru сайтининг хабарига кўра, курс дастури Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси тузилмаси таркибига кирувчи исломий, диний ва таълим ташкилотларида фаолият юритувчи матбуот хизматлари ходимлари учун мўлжалланган.
Курс иштирокчиларига анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларни асраб-авайлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишга самарали кўмаклашиш учун ўз касбий малакаларини ошириш таклиф этилади, бу эса, ўз навбатида, мусулмон жамиятининг ҳам ички, ҳам ташқи соҳаларидаги ютуқларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
И.Аҳмедов тайёрлади.