Мавлудми, мавлидми, тарвузми арбузми?
Она Ватанимизда диний мавзудаги адабиётлар кўплаб нусхаларда нашр этила бошланганидан сўнг ушбу соҳага оид сўз ва иборалар турлича ёзила бошландики, ушбу масалада ҳамон бир тўхтамга келинмади. Якуний хулосага келиниб, амалда қўлланилаётганлари ҳам бир оз андиша уйғотаётир. Қуйида ана ўшалардан баъзилари юзасидан мулоҳазамизни билдиришга журъат қилдик:
“Хожа” сўзини баъзан “хожа”, баъзан “хўжа” деб; баъзан кичик ҳарфда, баъзан катта ҳарфда; баъзида исмга қўшиб, баъзида айириб ёзаяпмиз. Масалан, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Мансурхўжа ва шу кабилар. Бу масалада бир тўхтамга келиш учун Хожа сўзи исмдан олдин келса, катта билан; кейин келса кичик ҳарф билан ёзилса қандай бўлар экан?
“Шайх” сўзи сифат. Тилимиз қоидасига кўра, сифатлар кичик ҳарфларда ёзилади. Шунга амал қиладиган бўлсак, Шайхни кичик ҳарф билан бошлашимиз лозим бўлади. Аммо кўзимиз бу сўзнинг катта билан бошланганига ўрганиб қолгани боис шайх Абдулазиз Мансур деб ёзсак, ғалати кўриниб қолади.
Шунингдек, “Жалолиддин домла Ҳамроқулов”, деб ёзишяпти. Бошқа доираларда, “Азиз Қаюмов домла”, “Мансурхон Тоиров домла” деб гапирилади, ёзганда эса “академик Азиз Қаюмов”, “профессор Мансурхон Тоиров” дейилади.
Шуни ҳам бир ўйлаб кўриш керак. Чунки “Жалолиддин домла Ҳамроқулов” русча ифодадаги “Камил хазрат Самигулин”га ўхшаб кўриняпти. Ундай десангиз, олдиндан “Раҳматулло қори Обидов” деб ҳам ёзардик.
Муҳтарам тилшунос ва диншунос олимларимиз ана шу масалага ҳам аниқлик киритиб қўйсалар фойдадан холи бўлмас эди.
Шуни эътиборга олиш лозимки, ўзлашма сўзлар ҳар доим ҳам асл ҳолдагидек ўзлашмайди. Масалан, “раҳматуллоҳ” сўзини баъзилар арабчасига “роҳматуллоҳ” деб ёзяпти. Унда “раҳмат”ни ҳам “роҳмат” деб ёзиш керак бўлади. Бу эса тилимиз қоидаларига тўғри келмайди. Чунки “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “РАҲМАТ [а. رحمت – шафқат, меҳрибонлик, ачиниш]… дейилган. Биз назарда тутиб айтадиган миннатдорчилик маъноси эса “ташаккур”дир. Зеро, арабларнинг ўзи ҳам биз “раҳмат” деб билдирадиган миннатдорчиликни شكرا – шукран дея ифода этадилар. Қолаверса, ўзбек билан арабнинг ҳарфни талаффуз этишида фарқ бўлади, барибир.
Бурноғи йили бир мақола сарлавҳасида “мавлуд” деган сўз бор экан, арабчани биладиган бир ҳамкасбимиз “мавлид” деб тузатинглар, деди. Аммо бу сўз ўзбек тилининг имло луғатида ҳам, изоҳли луғатида ҳам “мавлуд” деб ёзилган. Иккаламиз бир оз баҳслашдик. Хуллас, ўшанда сарлавҳадаги сўзни араб тили қоидаларига мувофиқ “мавлид” деб ўзгартирдик ва ўзбек тили қоидасини буздик.
Аммо шундай мулоҳаза туғилади: биров бир сўзнинг арабчасини кўриб ўшани тўғри ҳисоблаб арабча кўринишда ёзса, яна биров форсчадан ўзлашган сўзни форсчага мослаб тўғриласа, яна бири русчани, туркчани, урдучани… унда луғатлар аҳамиятини йўқотиб одамлар бирорта сўзни тўғри ёза олмай қолмасмикан!.. Масалан, японлар кўкракни “какара”, тиззани “гизза” дер экан, ажабмаски, япончага ўқиб келган ёшларимиз эртага шуларга ўхшаш сўзларимизни ҳам япончага асосланиб “тўғрилаб” чиқса.
Бошқа тиллардан ўзлашма сўзлар кириб келган тил фақат бизнинг тил эмас, Айтайлик, руслар ҳам кўп сўзларни туркийлардан ўзлаштирган. Лекин улар ҳеч қачон арбузни тарвуз, лощадни олача от, сарайни сарой… деб тўғриламайди. Чунки у сўзлар аллақачон ўзлашиб, ўша тилнинг луғатидаги сўз бойлигига айланиб кетган. Биз эса луғатимиздан жой олган сўзларни – ким нимани билса, ўшанга қараб “тузатиб” боряпмиз.
Ўзбек тилида ой номлари кичик ҳарфлар билан ёзилади. Амалда эса милодий ойлар кичик ҳарфлар билан, ҳижрий ойлар катта ҳарфлар билан ёзиляпти. Аммо тилимизда ой номлари кичик ҳарфлар билан ёзилиши аниқ кўрсатиб қўйилган. Шундай экан, нега ҳижрий ойларни катта ҳарфлар билан ёзяпмиз?
Ҳадиси шарифларнинг муҳаддислари ёзилганда баъзида “Бухорий, Муслим ривояти” деб қўйилади. Буни кўрган баъзи олимларимиз Имом Бухорий ва бошқа буюк муҳаддисларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатиляпти деб ҳисоблайди. Лекин “Бухорий, Термизий” деб ёзувчилар бунда уларнинг шахсини эмас, илмий манбани назарда тутганини айтишади. Бу ерда бошқа масала ҳам бор: агар бир ҳадисни беш имомнинг ҳаммаси ривоят қилган бўлса, беш марта имом деб ёзсангиз, ўқувчининг ғашига тегиб қолиши мумкин.
Тилимизга оид бу каби муаммолар жуда ҳам кўп. Аммо ишончимиз комилки, юртимиздаги нуфузли диншунос, тилшунос, атамашунос олимларимиз ва ОАВ вакиллари иштирокида муҳокама қилишга арзийдиган мавзу бу.
Сиз нима дейсиз, азиз Ватандош?
Дамин ЖУМАҚУЛ
http://hidoyatuz.taplink.ws