27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Эзгуликлар бардавом бўлади
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижод уйида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Уни кириш сўзи билан очган нашриёт бош директори Султонбек Имомназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг табригини ўқиб эшиттирди. Сўнгра нашриёт ва босмахона ходимларининг машаққатли ишлари ва ютуқлари ҳақида сўз юритди. Бу меҳнатлар маҳсули халқимизнинг, ёшларимизнинг диний илмларга бўлган талабига муносиб ҳисса бўлиб қўшилаётганини таъкидлади.
Шундан сўнг нашриёт бош муҳаррири Абдужалил Хўжам, бош директорнинг ижодий ишлар бўйича ўринбосари Холмат Атабаев, бош директорнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Нажмиддин Нуриддиновлар сўзга чиқиб ижодий жамоани касб байрами билан табрикладилар.
Эътирофлар ва табриклар ниҳоясида жонкуяр ходимлар “Ташаккурнома” ва эсдалик совғаси билан тақдирланди. Тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзаси икки нафар ходимга умра сафарига йўлланма берилгани бўлди. С.Имомназаров бу савобли ишнинг бардавом бўлишини айтди ва келажакда бундай хайрли ишларни янада кўпроқ қилиш ниятида эканини изҳор қилди.