Муштараклик яқинлаштиради
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
“Агар бир мўмин, юзта мунофиқ ва биттагина мўмин жам бўлган мажлисга келиб қолса, у, албатта, даврадаги ўша ягона мўминнинг ёнига бориб ўтиради. Бир мунофиқ эса юзта мўмин ва битта мунофиқ йиғилган мажлисга келса, у ҳам бориб ўша биргина мунофиқнинг ёнига ўтиради” (Имом Байҳақий ривоят қилган).
Ушбу ҳадиси шариф инсон бир нарсанинг ҳеч фарқига бормаган тақдирда ҳам ўзи билмаган ҳолда ўзига энг кўп ўхшайдиган нарсага эътибор қаратишига, у томонга йўналишига далолат қилади.
Малик ибн Динор (асли басралик бўлиб, куняси Абу Яҳёдир) раҳматуллоҳи алайҳ: “Икки киши ҳаётларининг қандайдир онида бир-бирлари билан жипслашган бўлса, муҳаққақ, бу ҳол уларнинг бирида бошқасига оид бир васф борлигидандир. Инсонларнинг жинслари ҳам қуш жинслари кабидир. Маълумки, икки қуш қачонки ораларида муштарак бир муносабат бўлгандагина бирга учади”, дерди.
Нақл қилишларича, ушбу сўзларнинг соҳиби бўлган Малик ибн Динор тасодифан бир қарға билан кабутарнинг ёнма-ён учаётганини кўриб ҳайратга тушди:
“Улар бир жинсдан бўлмаганлари ҳолда бирлашибдилар”, деди.
Сўнгра қушларнинг ҳаракатларига диққат қилиб, икковининг ҳам оқсоқ эканини кўрди ва: “Демак, ораларидаги ўхшашлик уларни бирлаштирибди”, деди.
Имом ҒАЗЗОЛИЙнинг
“Исломда дўстлик ва биродарлик одоби” китобидан.
Тошкент шаҳридаги Нўғайқўрғон масжиди имом-хатиби
Мансуржон ЎРОЛОВ таржима қилди.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил, 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws