Асли йўқ амаллар рад этилади
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бизнинг динимизга унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад этилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Бу – динни сохталаштириб, бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган. Яъни, динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилишни ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шу билан бирга унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди”.
Уламолар бидъатни икки қисмга бўлган: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Бидъати ҳасана деб шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровеҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрат Умар эса халифалик даврида мазкур намозни жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди. Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди. Мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган ва диннинг жавҳарига дахлдор бўлмаган нарсалар бидъат бўлмайди. Ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолат, барча залолат дўзахда бўлса, ҳолимиз не кечарди? Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик даврларида Қуръони карим китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар йўқ, турли илмлар шаклланмаган эди. Буларнинг барчаси кейин пайдо бўлди. Барча мусулмонлар, жумладан, бидъат маъносини тор олган уламолар ҳам бу ишларни катта қувонч билан маъқуллайдилар. Бидъати саййиа эса шаръий аслга эга бўлмаган бирор нарсани жорий этиш ёки шаръий аслни хилоф равишда айрича талқин қилишдир. Бу эътиқод масалаларига тааллуқли бўлиб, шариат кўрсатган эътиқоддан четга чиқиш, ақидавий масалаларда ғулувга кетишдир. Уламоларимиз аҳли сунна вал жамоадан бошқа барча фирқаларни “аҳли бидъат” дейишган. Чунки улар илм-маърифтсиз ҳолда қайсарлик билан динимизнинг асосли кўрсатмаларига зид ақидаларни илгари суришган. Масалан, хаворижлар гуноҳи кабира қилган киши кофир бўлади, десалар, мўътазийлилар ундай киши иймондан чиқади, аммо кофир бўлмайди, дейдилар. Қадарийлар тақдирни инкор қилсалар, жабарийлар эса инсон савоб ва гуноҳ ишларни қилишга мажбурдир, дейди.
Мазкур ақидаларнинг барчаси аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид бўлиб, ундай эътиқодда бўлиш залолатдир.
Жобир ЭЛОВ,
Бухоро вилояти бош имом-хатиби
“Мўминалар” журнали, 9-сон, 2024 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws