Жой хослаб олинмайди
Улуғларимиз ибодат қилаётганимизда намозлар орасида жойимизни ўзгартириб олишимизни маслаҳат беришади. Шундай қилсак, қиёматда пешонамиз саждага теккан жойлар намозимизга гувоҳлик берармиш. Қандай ажойиб!
Аммо баъзида масжидга кирган вақтингизда айрим намозхонларнинг жойларни ўзларига хослаб олганини кўрасиз. Яна денг, шундай жамоалар бор эканки, масжиднинг деярли барча қаторларини эгаллаб олган экан. Бир дўстимиз айтади: “Иш билан юриб вилоятдаги масжидлардан бирига бориб қолдим. Пешин намозини ўқишга кирдим. Ҳали вақтлироқ бўлгани боис одам кам эди. Биринчи қаторга ўтирдим. Бир пасдан кейин ён-атрофда намозхонлар гавжумлаша бошлади. Шунда қизиқ воқеа бўлди: бир кексароқ киши елкамга туртиб, “Менинг жойимга ўтириб олибсиз”, деди. Унинг бошимда турганидан хижолат бўлиб ортга чекиндим. Кейин орқадаги бир киши шундай деб учинчи қаторга ўтказиб юборди… ва ниҳоят мен масжиддан чиқиб кетмасам гўргайди, дея хавотирга тушдим…”
Намозхонларнинг ана шундай хатога йўл қўймасликлари учун имом-домлаларимиз ора-сира масжидда жойни хослаб олиш мумкин эмаслигини эслатиб турса фойдали бўлар экан. Чунки бу ишдан Оламлар Сарвари қайтарганлар. Чунончи, Абдураҳмон ибн Шиблдан ривоят қилинган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қарға каби чўқишдан, ёввойи ҳайвонга ўхшаб (билагини) ёйишдан, туя ўзига алоҳида жой танлаганидек, киши масжидда ўзи учун бир жойни хослаб олишидан қайтарганлар”, дейилган (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа, Аҳмад ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан лиғайриҳ).
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан ҳеч бирингиз ўтириш учун ўтирган кишини жойидан ҳаргиз тургизмасин!” деганлар(Имом Муслим ривояти).
Бироқ ушбу масаланинг ҳам ўзига хос нозикликлари бор экан. “Новза” масжиди имом-хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов muslim.uz порталида эълон қилинган “Масжид ва ибодат одоблари” сарлавҳали мақоласидаёзадики, “Ҳеч бир кишига масжиддан бирор нарсани ўзлаштириш мумкин эмас, яъни бир жойни ўзи учун белгилаб, келишидан олдин гилам солиб ёки ҳасса ёки стол қўйиб ёки шунга ўхшаш ишлар қилиб ёки вакил жўнатиб қўйиши мумкин эмас. Шунинг учун нимаики қўйилган бўлса, олиб ташлаб, ўрнида намоз ўқилаверади. Лекин ким масжидга аввалроқ кириб бир жойни эгалласа, сўнг таҳорат янгилаш мақсадида жойини тарк қилса, ўша жойни эгалик ҳуқуқи ўзида қолади, ўрнига биров ўтириб олган бўлса, уни тургизиб юборишга ҳақлидир”.
Бу ўринда битта намоз вақти назарда тутилган, холос. Ундан нариси мумкин эмас. Шундай экан, азизлар, масжидга ибодат қилайлик, савоб олайлик, дея эзгу ниятда бориб гуноҳкор бўлиб қайтмайлик. Масжидда жойимизни ўзгартириб турганимиз эса мақола бошида айтиб ўтилганидек, фақат ва фақат ўзимизнинг фойдамизгадир.
Дамин ЖУМАҚУЛ