Ўғилмизми ёки ёв?
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан Усмоннинг уйига лаганда гўшт бериб юбордилар. Кирсам, Руқайя ҳам ўтирган экан. Мен бир Руқайянинг, бир Усмоннинг юзига қарай бошладим. Қайтиб борганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уларнинг олдига кирдингми?” деб сўрадилар. “Ҳа”, дедим. “Улардан гўзалроқ эр-хотинни кўрганмисан?” дедилар. “Йўқ, кўрмаганман, эй Аллоҳнинг расули”, дедим» (Имом Ибн Асокир ривояти).
Ҳа, уларнинг турмуши ана шундай гўзал эди! Уларнинг иноқликларига, ўрталаридаги муҳаббатга ҳатто падари бузрукворлари – Оламлар Сарварининг ҳам ҳаваслари келарди. Ахир қайси ота қизининг бахтини кўриб севинмайди?! Қайси ота қизининг тинч яшаётганидан масрур бўлмайди?! Фарзандларнинг, айниқса, қизларнинг оилада тинч-тотув яшаётгани оталар учун катта бахт!
Оталарнинг белини букадиган нарса фарзандларнинг нотинч бўлишидир. Ҳеч бир ғам, ҳеч бир ташвиш фарзанд ғами, ташвишичалик эмас.
Дин ғами-чи, дейсизми? Тўғри, дин учун, мусулмонлар, шариат ҳукмлари учун қайғурамиз. Улар буюк қайғу! Аммо диннинг ғамини чекиш инсонни қувватлантиради, бошини баланд, қадамларини тетик қилади, иродасини мустаҳкамлайди. Ҳеч бўлмаганда қайғургани учун савоб олаётганини билиб, таскин топади. Қолаверса, дин ташвишида ҳеч ким ёлғиз эмас, ёнида биродарлари бор. “Кўпга келган кўргулик – улли (улуғ) тўй. Аллоҳ ёлғизлик балосидан асрасин”, дер эди кексаларимиз. Шунинг учун дин ғамидан юраги касал бўлган одамни кўрмадик ҳали. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига марҳаматидир!
Фарзанд дарди эса… Уни бировга айтишгаям уяласиз. Қайси ота боласининг ҳолини ёмон дегиси келади ахир?! Юракни оғритадиган ҳам, асабларни емирадиган ҳам, бошни эгиб, белни букадиган ҳам фарзанд ғамидир.
Фарзандни Аллоҳ таоло “қалб гули” деган, Расулимиз “кўз қувончи” деб васф этганлар.
Руқайя билан Усмон розияллоҳу анҳумо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзлари қувончи эдилар. У зот қизлари Руқайянинг тинчлиги ва бахти учун ҳам Усмон розияллоҳу анҳудан рози эдилар.
Энди шу ерда бир ўйлаб кўрайлик. Биз ҳам ҳазрат Усмонга ўхшаб аёлимизнинг отаси кўнглига қувонч сола олганмизми? Ёки жанжал устида уйимизга келиб қолиб, дилбандини маҳзун кўриб, дили қонаб қайтганми?
Биз ҳам ҳазрат Усмонга ўхшаб қайноталаримиз кўнглига: “Қизим ишончли, меҳрибон қўлда”, деган хотиржамликни бера олганмизми? Ёки ичини “Нима бўлсаям, қизимиз тинч бўлсин-да”, деган ҳадик, хавотирларга тўлдириб ташлаганмизми?
Биз ҳам ҳазрат Усмонга ўхшаб аёлларимиз кўзида бахт чақната олганмизми? Ёки арзимаган айбларини, ҳатто ака-укаларининг қилмишларини юзига солавериб, кўзидан қон оқизганмизми?
Биз ҳам ҳазрат Усмонга ўхшаб аёлларимизга ҳаё билан гапирганмизми? Ёки оғзи шалоқлик қилиб, ота-онасигача қолдирмасдан беҳаёча сўкканмизми?
Ва ҳоказо…
Ханларда бир мақол бор: “Кимга яхши куёв ато этилган бўлса, ўғилли бўлибди. Кимга ёмон куёв берилган бўлса, қизидан ҳам айрилибди”. Хўш, биз “ўғил” бўлдикми ёки “ёв”? Унутмайлик, ҳар биримизда қалбимиз қўридан жой берган сингиллар, қизлар, набиралар бор. Фарзанди аржумандларимизни куёв бўлмишнинг хонадони хорлаб турса, не аҳволга тушамиз? Аралашишга юрак бетламайди, ўзлари келишиб кетар, деймиз. Аралашсак, қасдма-қасдига иш тутишадими, деб истиҳола қиламиз…
Шундай экан, ўзимиз олдин яхши куёв бўлиб, куёвларга яхши намуна кўрсатайлик. “Куёв билан қайнотанинг тупроғи бир жойдан олинган”, деган гапда жон бор. Қолаверса, қайтар дунё. Ҳеч бир ёмонлик ва ҳеч бир яхшилик изсиз кетмайди…
Абдуғафур ИСКАНДАР
“Мўминалар” журнали, 9-сон, 2024 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws