Швецияда энг йирик ислом маркази очилди
“IQNA” сайтининг “al-Kampis” га таяниб хабар беришича, ҳафта бошида Швециянинг Хелсингборг шаҳрида Швециядаги энг йирик исломий марказ барпо этилди. 10 000 квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллаган ва 3500 га яқин намозхонни сиғдира оладиган ушбу лойиҳани қуриш уч йил давом этди ва унга тахминан 68 миллион швед крони сарфланди.
Лойиҳа расмийларининг таъкидлашича, лойиҳа Швециядаги жисмоний шахслар ва компанияларнинг хайрия маблағлари ҳисобидан тўлиқ молиялаштирилди.
Лойиҳа менежери Валид Aл-Хамс шундай деди: “Янги жоме масжиддаги биринчи жума намози ўтган жума куни адо этилди, унда расмий очилишдан олдин 1170 га яқин киши қатнашди”.
Марказ директори Маҳмуд Кавуш ўз интервьюсида шундай деди: “Швециядаги мусулмонлар тан олинган диний, ҳуқуқий ва демократик институтларга муҳтож, улар тор ва яроқсиз ертўлаларда намоз ўқиш билан чекланиб қолмаслиги керак, чунки мусулмонлар сонининг ортиб бораётгани ва уларнинг фаолиятининг хилма-хиллиги ана шу эҳтиёждан ҳайқириб турибди”. Унинг қўшимча қилишича, кўпайиб бораётган намозхонларни сиғдира олмайдиган эски ислом марказининг лицензияси муддати тугагани янги лойиҳани ишга туширишнинг бевосита сабабларидан бири бўлган. Исломий марказ вакилларининг сўзларига кўра, янги марказнинг расмий очилиши маросими ўтган шанба куни Хелсингборг шаҳри ҳокими ва ўринбосари, Швеция парламентининг бир неча депутатлари ва турли шаҳарлар аҳолиси иштирокида бўлиб ўтди. Очилиш маросимида турли тадбирлар ва иштирокчилар билан учрашувлар ўтказилди.
И.Аҳмедов тайёрлади.