Барча дарднинг давоси – иймон саломатлиги
Эътиқодли одамларнинг бу дунёдаги энг катта орзуси – мустаҳкам иймонга эга бўлмоқ. Иймон эътиқодни белгилайди, асл ҳақиқатни англатади, Аллоҳ таолонинг яккаю ягона эканини тасдиқлайди. У – қўрқув, муҳаббат, садоқат ва итоатдир. Ана шу туйғулардан узоқлашиб қолиш иймоннинг заифлашувига сабаб бўлади. Ҳар бир ҳаракатини Аллоҳ ризоси учун қилган кишининг эса иймони мустаҳкамланиб бораверади. Иймоннинг заифлиги эса ўз соҳибининг икки дунёсини барбод қиладиган даҳшатли хасталик. Шунинг учун бу хасталикнинг олдини олиш, уни муолажа қилиш ҳар биримиз учун ҳаёт-мамот масаласидир.
Бунда аввало иймон заифлигининг аломатлари нима, ана ўшаларни аниқлаб олиш керак бўлади. Улардан айримлари қуйидагилардир: иймони заиф одам гуноҳ иш қилиб қўйса-да, ўзини айбдор санамайди, Қуръони каримни ўқишга ланжлик, суннатга, зикрга бепарволик қилади, намоз ва бошқа ибодатларни муҳаббат билан эмас, мажбурият юзасидан бажаради, қалбнинг қаттиқлашганини ҳис қилади, хайрли ишларни бажаришга дангасалик қилади, дунёга мойиллиги ортади, ҳасадгўй ва шикоятчи бўлади, одамларга паст назар билан қарайди, ёрдамсеварлик туйғуси бўлмайди, бесабрлик қилади ва ўзини қўлга ола ололмайди; баҳс мунозараларга иштиёқманд бўлади, фақат ўзи ҳақида ўйлайди, қардошлик алоқаларини узади.
Ана шу хислатлардан қайси бири феълимизда зоҳир бўлса, демак, иймонимиз заифлашиб қолибди ва бундан ташвишга тушишимиз керак. Чунки инсоннинг қанчалик бахтли ҳаёт кечириши ва оқибатининг гўзал бўлиши унинг мол-давлати кўплиги ёки мансаб-мартабасининг баландлиги билан эмас, иймонининг саломатлиги билан белгиланади.
Эътибор билан мушоҳада юритган инсон юқорида санаб ўтилганларнинг ҳар бирининг бир дард эканини фаҳмлайди. Буларнинг барчасининг давоси битта – иймон мустаҳкамлиги. Шундай экан, Раббимиздан ҳар доим иймонимни саломат қил, деб сўраганимизда ана ўша дардлардан ҳам паноҳ тилаган бўлар эканмиз.
ЎзДЖТУ талабаси Робия ДАМИН қизи тайёрлади.
http://hidoyatuz.taplink.ws