Женна жомеси
Мазкур масжид Мали Республикасининг Женна шаҳрида, Бани дарёси пасттекислигида жойлашган. У дунёда бўйича лойдан қурилган энг катта бино ҳисобланади. 1988 йилда Масжид “Қадимий Женна шаҳри”нинг бир қисми сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Ушбу шаҳар бир неча асрлар давомида савдо маркази ва транс-сахара олтин савдосининг муҳим бўғини бўлган. XV – XVI асрларда Женна бутун Африка бўйлаб Ислом дини тарқалган жойлардан бирига айланган.
Ҳозирги жоме масжидининг қурилиши 1904 йилда бошланиб, 1907 йилда якунланган (баъзи манбаларда 1909 йилда тугатилгани айтилган). Қурилиш ишлари Женна шаҳрининг ғишт терувчилари уюшмаси томонидан олиб борилган. Ўша йилларда Женна Франциянинг Ғарбий Африкадаги мустамлакасининг бир қисми эди ва французлар масжид ва унга туташ мадраса қурилишига моддий ёрдам таклиф қилган бўлиши мумкин, деган тахминлар ҳам айтилади. Масжид лой, қум ва сувдан қурилган. У уч метр баландликдаги платформада XIII–XIV асрлардан бери мавжуд бўлган масжиднинг эски биноси ўрнида қурилган. Иншоотнинг ўлчамлари 75х75 метр, минораларнинг баландлиги эса 50 метр.
Масжидга электр токи ўтказилганига кўп бўлгани йўқ. Кейинги йилларда масжиднинг юзасига кошинлар солинган, бу унинг тарихий тузилишини бузган, баъзан эса бинонинг тузилишидаги яхлитлигини хавф остига қўйган. Масжид жамоаси унинг 1990-йилларда бўлиб ўтган замон талабларига мос равишда такомиллаштирилишига қаршилик кўрсатган.
Кўплаб меъморларнинг фикрича, Женна масжиди биносининг қиёфаси Ислом таъсирига эга бўлса-да, моҳиятан судан-саҳелиан меъморчилиги услубининг энг катта ютуғи саналади. Масжидга кириш фақат мусулмонлар учун очиқ. Кириш жойидаги деворга осиб қўйилган маълумотномаларда бу ҳақда огоҳлантиришлар бор. Малидаги деярли барча масжидларда мазкур қоидага амал қилинади.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.