Болангиз йиқилса, ўзи турадими ёки?..
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши учун ўз боласига одоб бермоғи унинг бир соъ садақа қилганидан яхшидир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бола қоқилиб йиқилса ва бу шикастсиз бўлса, ушбу вазиятда ота-оналар икки хил йўл тутишади. Биринчи тоифадагилар болани тинчлантириб: “Ҳечқиси йўқ. Ўрнингдан тур, болам. Қўлингни бер. Сенга кўмаклашаман”, дея бироз далда билан уни хотиржамликка ўргатади. Иккинчи тоифа эса жуда ваҳима билан боласининг олдига югуриб боришади. Уни даст кўтариб, ўзига ҳеч иш қолдирмай, эгни-бошини қоқиб, ҳамма жойини пайпаслаб кўриб, болани янада қўрқитиб юборади. Бу ҳолнинг такрорланавериши боланинг онгида доим кимдир югуриб келиб, уни турғизиб қўйиши кераклиги ҳақидаги тасаввурни шакллантиради.
Шунинг учун кўчаларда баъзи болалар йиқилган ё хархаша қилган бўлса, кимдир келиб кўтариб олишини кутиб чўзилиб ётганини кўриб турамиз. Улар шунга ўрганиб қолган. Кунлар ўтиб, у бирор муаммога дуч келса ҳам, вазиятдан чиқишга уринмайди. Ўзини ожиз ҳис қилади. Эҳтимол, ўшанда унга ёрдам қўлини чўзадиганлар топилмас. Шунинг учун фарзандни ўзига ишонган, мустақил қарор қабул қила оладиган қилиб вояга етказиш тўғри бўлади. Бу иш эса юқорида айтилган “йиқилиш”лардаги муносабатимиздан бошланади.
Дилноза ШОДМОНОВА,
Нарпай тумани отинойиси
“Мўминалар” журнали, 10-сон, 2024 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws