Малайзияда 2025 йил 2-9 август кунлари 65-Халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилади
Малайзия Дин ишлари вазири 65-халқаро Қуръон мусобақасининг бошланиш санаси ва бошқа тафсилотларини маълум қилди.
Малайзияда 65-Халқаро Қуръон тиловати ва ҳифзи мусобақаси 2025 йил 2 август куни Куала-Лумпурдаги Жаҳон савдо марказида ташкил этилади ва 9 августга қадар давом этади, деб ёзади, IQNA сайти “Bernama” нашрига таяниб.
Бу ҳақда Малайзия Дин ишлари вазири Муҳаммад Наим Мухтор 2025 йилда Куала-Лумпурда бўлиб ўтадиган Халқаро Қуръон тиловати ва ҳифзи мусобақаси олдидан ўтказилган маросимда маълум қилди ва “Ушбу танловда 50 давлатдан 72 нафар Қуръон қорилари ва қориялари иштирок этади”, – деди. Унинг сўзларига кўра, иштирокчиларнинг умумий сонидан 40 нафари Қуръон каримни тажвид қоидаси асосида тиловат қилиш ва 32 нафари Қуръон каримни ёддан ўқиб бериш бўйича беллашади.
Вазир сўзида давом этди: “Танлов жараёни шу йилнинг 19-23 май кунлари онлайн режимда ўтказилди ва адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида тажрибали ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Бу йилги мусобақа “Уммат тараққиёти” шиори остида ўтказилади ва расман Бош вазир Aнвар Иброҳим томонидан очиб берилади”.
Малайзия Дин ишлари вазири Муҳаммад Наим Мухторнинг сўзларига кўра, бу йилги ҳакамлар ҳайъати мусобақанинг адолатли ва шаффоф ҳолда ўтишини таъминлаш учун турли мамлакатлар, жумладан Малайзия, Саудия Aрабистони, Миср, Иордания ва Индонезиядан 16 нафар малакали ва тажрибали ҳакамлардан иборат бўлади.
Вазирнинг тушунтиришича, қироат йўналиши бўйича баҳоланишда тўртта асосий жиҳат: тажвид (талаффузнинг тўғрилиги), лаҳн (оҳангдор қироат), фасаҳат (равонлик) ва овоз сифати, ёдлаш тоифаси эса ёддан ўқиб беришнинг тўғрилиги ва равонлигига қараб баҳоланади.
Муҳаммад Наим Мухтор 1961 йил 8 мартда ташкил этилганидан буён Малайзия узоқ вақтдан бери Малайзия Қуръон халқаро танлови Ҳайъатининг муваффақиятли мезбон сифатида танилганини, унинг муҳим ютуқларидан бири Қуръони карим халқаро мусобақасини ўтказиш бўйича Қувайт халқаро мукофотининг 2016 йилда “Энг яхши Қуръон карим дастури” мукофотини қўлга киритганини таъкидлади.
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.