Энг катта бахтсизлик – кўзнинг очлигидир
Дунёда хасисликдан, тўймас кўздан ҳам оғир дард йўқ. Чунки қанча бўлса ҳам кам-да, ҳамма нарсани йиғиб олиб бўлмаса. Очофат кимсаларнинг кўзига диққат қилиб қарасангиз, уларнинг кўзининг ичи ўпқонга ўхшаб кўринади ёки бир қуюн айланаётгандек ҳам туйилади. Ёши улуғларимиз айтганидек, қорин бир коса овқатга тўяди, аммо кўз ҳеч нарсага тўймайди. Бундай кимсаларнинг ҳоли қанчалар аянчли эканини ҳазрати Али розияллоҳу анҳу қуйидагича таърифлаганлар: “Бахилларнинг ҳоли қандай аянчли. Улар бу дунёда фақирлардек яшайдилар, охиратда бойлардек ҳисоб берадилар”.
Ушбу фикримизни тасдиғи учун узоқ йиллар қаъридан бир ҳикоят келтириб қўямиз: Кунларнинг бирида қайсидир давлатнинг ҳукмдори ўзини танимаслик учун оддий инсонлар кийимини кийиб шаҳар айлангани чиқди. У ўзи бошқараётган мамлакат аҳолисининг турмуш тарзини ўз кўзи билан кўришни ният қилган эди. Айланиб юриб дарё бўйида ўта қашшоқ қиёфадаги балиқ овлаётган кишини учратиб қолди. У бирорта балиқ тутолмаганидан алам қилиб, тажанглашиб ўтирганди. Тонг ёришганидан бошлаб то шу вақтгача оиласига олиб бориш учун битта ҳам балиқ тутолмаганди. Раҳмдил ҳукмдорнинг ана шу бечораҳол одамга қилгиси келди ва унга ва қуйидаги таклифни айтди: “Қармоғингни яна бир марта сувга ташла, унга нима чиқса, сенга ўшанинг оғирлигича олтин берганим бўлсин”. Камбағал севиниб кетди ва қармоғини сувга отди. Бироз вақт ўтиб қармоққа ўртасида тешиги бор кичкина суяк илашиб чиқди. Ҳукмдор ва балиқчи буни кўриб хафа бўлишди. Аммо бу ҳеч нарса илашмаганидан кўра яхшироқ эди. Балиқчи: “Демак, менинг ризқим шу экан. Шартимизни якунлашга розиман”.
Ҳукмдор балиқчини саройга бошлаб келди. Кейин аъёнларига қараб: “Балиқчига давлат хазинасидан мана шу суяк оғирлигича олтин беринг!” деб амр қилди. Аъёнлар суякни тарозининг бир палласига қўйдилар. Иккинчи палласига бир нечта тилло танга қўйишди. Бироқ тарози паллалари тенглашмади. Улар яна беш-ўн танга қўйишди. Лекин суяк турган палла қилт этмади ҳам. Тарози палласи тиллога тўлиб кетди ҳамки, барибир ҳеч нарса ўзгармади.
Ниҳоят аъёнлар бу ишнинг замирида қандайдир сир яширин эканини пайқаб қолдилар ва бу ҳақда ҳукмдорга хабар қилдилар. Ҳукмдор зудлик билан фазилатли донишманди чақиртириб, нега бундай бўлаётганининг сабабини сўради. Донишманд суякни қўлига олиб унга диққат қилиб боқди, кейин эса: “Бу суяк – хасис кимсанинг кўзининг чуқури. Сиз тарози палласига давлат хазинасининг ҳаммасини қўйсангиз ҳам у жойидан жилмайди. Чунки у тўймас кўз. Аммо унга бир ҳовуч тупроқ кифоя қилади”, деди. Чиндан ҳам тарози палласига бир ҳовуч тупроқ қўйишганди. Суяк қўйилган палла жойидан қўзғалиб иккинчисидан баландлаб кетди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “…Бас, сизларни орангизда бахиллик қиладиган кишилар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, албатта у фақат ўз зиёнига бахиллик қилур” (Муҳаммад сураси, 38-оят), деб огоҳлантирган. Шундай экан, азизлар, кўзимизни тупроқ тўлдирмасидан сабримиз, қаноатимиз билан тўқ тутишни одат қилайлик. Қачонки кўзимиз оч бўлмаса, ҳамма нарса мўл-кўллигини кўрамиз, ҳаётимиз фаровонликда ўтаётганини ҳис қиламиз.
Дамин ЖУМАҚУЛ
http://hidoyatuz.taplink.ws