Обрўни тўкади, ризқни қияди, умрни қисқартиради
Ахборот асрида яшаяпмиз. Бугун ижтимоий, иқтисодий, сиёсий янгиликлар ҳар қадамда. Шу билан биргаликда ҳар бир хонадоннинг дастурхони, сири, бахтли они, аламли дами… барчаси интернет саҳифаларида. Айниқса, кейинги пайтларда ўз эрига хиёнат қилиб, шарманда бўлган, телефон орқали бегона эркак билан “севишиб”, оиласи бузилган, шу билан бирга шу номаъқул ҳолида тасвирга олиниб, видеоси тарқатилаётган аёлларни кўриш мумкин.
Зино ҳаром. У Аллоҳга ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш каби энг катта гуноҳи кабиралар билан бир қаторда саналади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа “илоҳ”га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни (иймонсиз ҳолда) қилса, гуноҳга (уқубатга) учрар, қиёмат кунида унга азоб бир неча баробар зиёда қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Илло, кимки тавба қилса ва иймон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр» (Фурқон сураси, 68–70-оятлар).
Динимизнинг бу каби амрларини ўрганганимдан сўнг масалага бошқача кўз билан қарай бошладим. Аслида, аёл-қизлардаги ибо-ҳаё иймоннинг бир гўзал аломати эканини тушуниб етдим. Шу сабабли ҳам жамиятда кузатилаётган айрим ҳолатларни ҳазм қилиб кетиш мумкин эмасдек, назаримда.
Аслида, асрлар давомида ҳаёсини бошига тож қилган ўзбек аёлининг тимсоли кескин ўзгариб кетаётганини кўриш мумкин. Бу эса ўз ўрнида оилаларнинг бузилишига, бунинг оқибатида жамият парокандалигига сабаб бўлмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Банда зино қилганда ундан иймон чиқиб, бошининг устида соябон каби бўлиб туради. Четлангач, иймон унга қайтади” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти). Яъни, зино қилиш – оғир гуноҳ. Ҳатто инсонни иймондан айро тушириши мумкин, агар уни ҳалол санаса…
Афсусланарлиси, айрим аёллар мана шундай жирканч ишга қўл уриб, иккита улкан гуноҳни содир этмоқдалар:
1) ўзининг ҳалолу пок эрига хиёнат қилиш;
2) Аллоҳ қайтарган гуноҳни содир этиб, Унга осий бўлиш.
Бу гуноҳ содир бўлгач, аёл нафақат ўзининг, балки бутун аҳли оиласининг ҳам обрўсини тўкади. Жамият, инсонлар орасидаги тинчликни бузиб, улар ўртасига низо солади.
Гоҳида аёллар ўртасида ушбу мавзудан сўз очилса, улар норози оҳангда: “Эркаклар ҳам тинимсиз аёлига хиёнат қилади, нега фақат аёлларнинг айби ҳақида гапирасиз?!” дейишади. Бу эътироз ҳам ўринли. Фақат биз мавзунинг бир жиҳатини тилга олдик. Эркак содир этадими, аёлми, зино оғир гуноҳ! Унинг жазоси эркак содир этгани учун камайиб қолмайди. Чунки зинони ким қилмасин, ҳаммадан ҳам рашкчироқ бўлган Зот – Аллоҳ азза ва жалла ғазабланади!
Тошпўлат АШУРОВ,
Когон шаҳри
“Мўминалар” журнали, 10-сон, 2024 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws