Уч баробар кучлироқ…
Ота-онани эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш – Ислом одобларидан. Раббимиз Ўзининг розилигини ота-она розилигига боғлаган. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло муқаддас Китобида қуйидагича таълим берган: «Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “Уфф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» (Исро сураси, 23-оят).
Аллоҳ таоло онани отадан ҳам устун қўйган. Она ўз фарзандларининг яхшиликларига тўлақонли муносиб, чунки у уларга ҳеч ким бера олмайдиган нарсани беради. Ҳомилани ойлар давомида кўтаради. Кейин чидаб бўлмас оғриқни бошдан кечиради – туғади, тунлари ширин уйқусидан кечиб, кўкрак сути билан озиқлантиради, то боласи улғайгунча бошида парвона бўлади. Аммо бола улғайгач, қаршисида ўзини ҳамма нарса билан таъминлаётган отасини кўради. Отаси ўзининг хоҳиш-истакларини амалга ошираётганига, унга керакли нарсаларни харид қилиб келаётганига гувоҳ бўлади ва натижада отасини онасидан устун деб ҳис қила бошлайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам онага меҳрибонлик қилиш зарурлигини уч бор такрорлаганларидан кейингина отани айтганларини биламиз (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Ибн Можа ривоятлари).
Ушбу ҳадис онага берилаётган меҳр отага кўрсатилаётган меҳрдан кўра кучлироқ бўлиши кераклигига далолат қилади. Чунончи, кўпчилик уламо мазкур ҳадисга асосланиб, она яхшиликка отадан уч баробар кўпроқ лойиқ. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам онани уч марта, отани эса бир марта зикр қилганлар, дейишади. Имом Нававий “ал-Минҳож фий саҳиҳи Муслим ибн Ҳажжож” китобида ушбу ҳадисни шарҳлар экан, жумладан, қуйидагиларни ёзади: “Ҳадиси шариф қавму қариндошларга яхшилик қилишга ундаб, онадан кейин ота, сўнгра қариндошлар орасида энг яқинларига яхшилик қилиш зарурлигидан таълим берган”.
Имом Қуртубий “ал-Жомиъ фи аҳком ал-Қуръон” китобида бу ҳақда қуйидагини ёзган: “Ушбу ҳадис онага меҳр отага бўлган меҳрдан уч баробар кучлироқ бўлиши кераклигига далолат қилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам онани уч марта, отани эса тўртинчи мартасида зикр қилганлар”. Шунингдек, Муҳосибий ўзининг “Китоб ар-Риёз” асарида уламолар ўртасида яхшиликнинг тўртдан уч қисми онага, тўртдан бир қисми эса отага муносиб экани ҳақида уламолар ўртасида ихтилоф йўқлигини айтади.
Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий шарҳ Саҳиҳил Бухорий” китобида бундай ёзган: «Абу Салама розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган яна бир ҳадис ҳам борки, у сўз юритилаётган ҳадиснинг маъносини тасдиқлайди: “Эркакнинг онасига яхши муомала қилишини амр этаман. Эркакнинг онасига яхши муносабатда бўлишини амр этаман. Эркакнинг онасига яхши муносабатда бўлишини амр этаман. Эркакнинг отасига яхши муносабатда бўлишини амр этаман. Эркакнинг ўз қариндошларига яхши муомалада бўлишини амр этаман. Дўстлар, қўшнилар ва бошқаларга яхши муносабатда бўлишини амр этаман, ҳатто улар унга зарар етказсалар ҳам”» (Имом Ибн Можа ривояти).
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
“Мўминалар” журнали, 10-сон, 2024 йил