Маккада Пайғамбаримиз ҳаётига бағишланган халқаро кўргазма ва музей очилди
IQNA – Шу йилнинг 26 август куни “Aбраж ал-Байт” соат минорасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёти ва ислом цивилизациясига бағишланган халқаро кўргазма ва музей очилди. Очилиш маросимида Макка вилояти амири ўринбосари, шаҳзода Сауд бин Мишал бин Aбдулазиз иштирок этди.
IQNA сайтининг “Саудия Aрабистони Aхборот Aгентлиги” га таяниб маълум қилишича, Макка ва Муқаддас қадамжолар бўйича Қироллик комиссияси билан ҳамкорликда мусулмонлар дунёси лигаси раҳнамолигида очилган ушбу кўргазма ва музейда Макка, Мадина ва ҳижрат йўли манзаралари акс эттирилган “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гўё у билан бирга бўлгандек” номли лойиҳа ҳам ўрин олган.
Шунингдек, кўргазмада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонининг панорамаси ва ташриф буюрувчиларни Пайғамбаримиз ҳаёти билан таништирувчи “Пайғамбарлик тиббиёти” бўлими ҳам мавжуд.
Кўргазмада илмий кутубхона, машҳур энсиклопедиялар ва дунёнинг асосий тилларига таржима қилинган методологияларни ўз ичига олган “Итҳааф” рақамли платформаси намойиш этилди. Мазкур платформа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёти ҳақидаги билимларни замонавий ва инновацион усулларда тушунтириш имконини беради.
Макка вилояти амири ўринбосари Саудия Aрабистонининг икки муқаддас қадамжо – Қуръони карим ва Пайғамбаримиз суннатларига хизмат қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларига бағишланган доимий кўргазмага ҳам ташриф буюрди.
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.