Бир болага…
Яқинда маҳалламизда яшовчи таниш савдогар аёлнинг қизига катта ёшли аёллар: “Шундай бўяниб, очиқ кийиниб юрсанг, охири иффатингдан айрилиб қолишинг мумкин”, деб куюниб танбеҳ беришди. У шу гапни қўшиб-чатиб ота-онасига етказибди. Ота эртасига ўша онахонлар олдига бориб: “Қизимни тергашга нима ҳақларинг бор?” деб уларнинг таъбини хира қилибди. Онаси ҳам: “Дадаси нима олиб берса, ўшани кияди, ёш-да, чиройли бўлгиси келади, бўянади, сизларга нима?!” деган бемаза гапларни айтиб, ўзидан ёши анча катта хотинлар билан уришибди. Кекса аёллар бу гапларни эшитиб: “Вой, қўшни қизни ҳам терголмасак?!” деганча тил тишлаб қолибди.
Ана сизга ота-онанинг гулдек қизини ножўя ишлардан асрашга чоғланган маҳалла аҳлига муносабати!
Дарҳақиқат, айрим ёшларнинг ташқи қиёфаси, кийиниш маданиятига бугунги кунда эътибор зарур бўлиб қолди. Европадан кириб келган “оммавий маданият” ўғил-қизларимизга таъсир қилмай қўймаяпти. Баъзан уларга кўча-кўйда гапиришга қўрқасан киши. Сабаби “Сизнинг нима ишингиз бор?! Бу менинг эркинлигим, қонуний ҳуқуқим” каби эътирозлари билан миллий ва диний қадриятларимизни менсимай гапириши мумкин. Ҳаддан зиёд юпқа ёки калта кийиниш, аввало, менталитетимиз, қолаверса, динимизнинг бирламчи қоидаларига хос эмас.
Дунё аёлларини ўзига ром этган атласу адрас, ипак матоларимиздан давр тақозо этаётган услубда, миллийлик билан уйғун қилган ҳолда замонавий либослар тиктириб кийишнинг нимаси ёмон?!
Аёл ўқитувчилар кам бўлган замонда устоз бўлиб ишлаган, ҳозирда бир маҳалла фаоли, мутасаддиси сифатида навқирон авлод тарбиясига нафақат маҳалла аҳли, балки кўпчилик жавобгар эканини таъкидлаган бўлардим.
Тамим ибн Авс Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «“Дин насиҳатдир”. “Ким учун?” деб сўрадик. “Аллоҳ учун, Унинг китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва омма учун!” деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам» (Имом Муслим ривояти).
Динимизда, миллий қадриятларимизда насиҳатнинг ўрни беқиёс. Ёшлар катталарга қулоқ тутишса, фақат ўзларига фойда.
Юлдузхон АБДУРАҲМОНОВА,
Қўқон шаҳридаги “Ашурали Зоҳирий” номли маҳалла отинойиси
“Мўминалар” журнали, 11-сон, 2024 йил