Сараево Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллуд топган кунини нишонламоқда
IQNA – Босния ва Герцеговина пойтахти Сараево шаҳри Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллуд топган куни (Мавлиди набий) муносабати билан тайёргарлик кўрмоқда.
IQNA сайтининг “Muslim Around the World” сайтига таяниб хабар беришича, муҳаббатга тўла руҳий муҳитда, Сараевонинг марказидаги Башчаршия майдони Ислом кенгаши ёшлар тармоғи фаолларининг бетакрор ташаббусига гувоҳ бўлди. Улар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак мавлиди шарифлари муносабати билан 571 дона гул тарқатишди ва шу тариқа “Муборак Мавлиди набий” бошланишини нишонлашди.
Бу йиллик акция Сараевода узоқ йиллардан буён давом этаётган анъанани хотирлайди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган куни кириб келганини эълон қилади ва “Аллоҳнинг Расули кунлари”нинг расман очилиш маросимини англатади. Бу анъана шаҳарнинг қадимий урф-одатларини ҳам эсга солади. Илгарилари эски бозор дўконлари бу воқеага махсус тайёргарлик кўришар, аҳоли ва меҳмонларга “ҳолва” деб аталган анъанавий ширинлик тарқатиларди.
Ушбу ташаббус Босниядаги анъана бўлиб қолган ижтимоий урф-одатларнинг давомийлигини яна бир бор намоён қилади. Улар меҳмондўстлик руҳи, ширинсўз ва самимий табассум билан кишиларни қарши олишга қаратилган.
Шу тарзда диний руҳ, байрамона кайфият ва қадимий урф-одатлар уйғунлиги Сараевога Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат билан тўлган шаҳар мақомини янада мустаҳкамлаб бермоқда. Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак таваллуд кунини нишонлаш орқали халқнинг қалбида чуқур илдиз отган хотира ва муҳаббат асраб қолинмоқда.
Манбалар асосида Илёс Аҳмедов тайёрлади.