Қозон Кремлида “Татар китоб маданияти” кўргазмаси очилди
Қозон Кремлидаги “Ислом маданияти музейи”да “Қул Шариф” жоме масжиди очилганининг 20 йиллигига бағишланган кўргазма очилди.
“Ислом пойтахти” интернет манбасига кўра, кўргазмада татар китоб маданиятини акс эттирувчи энг қизиқарли буюмлар: 14-19-асрлар қўлёзмалари, Қуръоннинг Қозон нашрлари, 18-аср – 20-аср бошларидаги машҳур татар диний арбоблари ва педагогларининг асарлари, ўқув адабиётлари, 20-асрнинг татар тилига таржимаси даврий нашрлари ўрин олган.
Қадимги қўлёзмалар орасида энг эътиборлиси Имом ал-Бухорийнинг 640 йил аввал Бухорода 1384 йилда қайта ёзилган “Aл-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари бўлиб, у Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари тўплами саналади. Мазкур тўплам татар диний арбоби, тарихчи, педагог Ш. Маржоний кутубхонасида сақланмоқда.
Кўргазмада татар мутафаккирлари ва маърифатпарварларининг (Г.Утиз-Имяни, Р.Фахретдинов, К.Насирий, М.Бигиев) асарлари, татар шеърияти ва драматургияси классик ёзувчилари Г.Тукай, Г.Камол, Ф.Aмирхон ҳамда Л.Н. Толстой, Д.Дефо, A.С. Пушкин каби рус ёзувчилари асарлари ва 19-20-асрлар бошидаги даврий нашрларнинг ҳам борлиги маълум қилинди.
И.Аҳмедов тайёрлади.