Хунук иш
Баъзан оддий гап дея қараётганимиз – бир-биримизни масхаралашдан мўмин киши қайтарилган. Инсонга озор берадиган, унинг айбини ошкор қилиб, ҳақоратлайдиган “ҳазил”лар ёмон оқибатларга олиб келади. Шундай ҳолатлардан бири туманимизда содир бўлди: 8-синфда ўқийдиган қиз ўз жонига қасд қилди. Бир куни у дугоналари билан мактабга кетаётганида қизлар ортидан келаётган катта синф йигитлари ўзларича қизларни тақсимлай кетибди: “Униси менга, буниси сенга”. Улардан бири: “Анави сенга”, деб Дилшодани кўрсатиб, беўхшов кулибди. “Йўқ, йўқ, у сенга”, деб эътироз билдирибди бошқаси. Юзида нори бор Дилшода масхаралашдан таъсирланиб, мактабга бормаган ва жонига қасд қилган. Қизининг жасадини кўрган онанинг сочи бир кунда оқарди. Аёллардан бири: “Қизимиз чимилдиқ кўрмади, чимилдиқ тутинглар”, деди. Маҳалла отинойиси вазиятни эшитиб, шундоқ ҳам ёш жонига қасд қилган қизга истиғфор айтиб, гуноҳларининг кечирилишини сўраш ўрнига бидъат амалларни бажараётган аёлларга насиҳат қилди.
Отинойи ҳозирги кунда турли қийинчиликларга чидолмай, жонига қасд қилаётганлар кўплигини айтди. Фарзандларга бу борада динимиз кўрсатмаларини ўргатишни, бизга келган муаммолар Аллоҳнинг тақдиримизга битганини тушунтириш лозимлигини таъкидлади.
Масхаралаш сабабли бир инсон жонига қасд қилиб, оғир гуноҳ содир этди. Бир оила фарзанд доғида қолди. Хулоса шуки, тилимиз айтган ҳар бир гап гўзал амалларимизга сабаб бўлсин, дилозорлик ва гуноҳга эмас.
Марзия ЭШҚУВВАТОВА,
Нарпай тумани бош отинойиси
“Мўминалар” журнали, 11-сон, 2024 йил