Дамашқдаги Қуръон карим кўргазмаси
62-Дамашқ халқаро кўргазмасида Сурия Вақфлар вазирлиги павилонида Дамашқ Қуръони номи билан машҳур бўлган Сурия миллий Қуръон нусхаси намойиш этилди.
“IQNA” сайтининг “SANA”га таяниб маълум қилишича, Дамашқ Қуръони дунёдаги энг катта қўлёзма Қуръон саналади, у 20 йиллик узлуксиз меҳнатдан сўнг бадиий хусусиятлар ва илмий аниқликка мувофиқ ишланди.
Мазкур лойиҳа Муҳаммад Муътаз Убайд томонидан 17 давлатдан 62 хаттот иштирокида амалга оширилди ва бу Қуръон 28-31 август кунлари Сурияда иқтисодий ва маданий тадбир бўлган 62-Дамашқ халқаро кўргазмасида илк бор оммага тақдим этилди.
Ушбу Қуръон каримни ёзиш ғояси 2005 йилда Муҳаммад Муътаз Убайд Сурия ва ислом оламига маънавий ва бадиий қадриятлар тимсоли бўлган ноёб Қуръонни тақдим этиш мақсадида уни амалга оширишга қарор қилган пайтдан бошланган. Лойиҳанинг амалий босқичи қадимги Дамашқдаги Хон Aсад Пошода бошланди, у ерда бутун дунёдан келган хаттотлар махсус кўргазмада бутун Қуръонни ёзиш учун йиғилишди.
Убайднинг сўзларига кўра, ёзиш босқичи бир йил ичида якунланган ва Дамашқ Қуръони асл саҳифалари 2006 йилда Ҳалаб қалъасидаги “Aраш” залида кўргазмага қўйилган.
Дамашқ Қуръони саҳифаларининг баландлиги 2,5 метр, кенглиги эса 1 метр 55 сантиметр. Бу Қуръон 125 та асосий ва 9 та илова саҳифадан иборат. Ушбу Қуръоннинг ҳар бир саҳифаси 33 мисрадан иборат бўлиб, исломий безак ва ёритгичлар суриялик рассом Aбдулкарим Дарвиш томонидан яратилган.
Ушбу Қуръон ҳам 2024 йилда энг сўнгги технологиядан фойдаланган ҳолда замонавий усулда сунъий теридан жилдланган ва босилган.
Сурия Вақфлар вазирлиги ушбу Қуръоннинг биринчи нусхасини Дамашқдаги Умавийлар масжидига жойлаштиришни, бошқа нусхаларини эса Исломий бирдамликни мустаҳкамлаш учун “Масжид ал-Ҳаром”, “Масжид ан-Набавий” ва “Aл-Aқсо” масжидига юборишни режалаштирмоқда.
Ушбу Қуръон 2006-2011 йиллар орасида илоҳий ва лингвистик синовлардан ўтган ва Сурия Aвқоф вазирлиги ва унинг Уламолар кенгашидан расмий рухсат олган.
И.Аҳмедов тайёрлади.