Бемор зиёрати
Aллоҳ таоло баъзи бандаларга дард беради ва шу сабабли уларнинг гуноҳларини ювади. Халқимизда “Иссиқ жон иситмасиз бўлмас”, деган нақл бор. Aлбатта, бу бежиз айтилмаган. Зеро, хасталик гўдакни ҳам, ёшни ҳам, кексани ҳам четлаб ўтмайди.
Мўмин-мусулмон бир-бирининг ҳолидан хабардор бўлади. Айниқса, беморлик етган бўлса, унинг зиёратига боради. Сабаби, хасталик киши ҳолини маҳзун, жисмини заиф қилади. Шу сабабли инсон меҳр-муҳаббатга ҳар қачонгидан ҳам муҳтож бўлади.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Ким мусулмон биродарини касал ҳолида кўргани келса, унинг олдига келиб ўтиргунча жаннат йўлида юрган бўлади, агар ўтирса, Аллоҳнинг раҳмати уни қамраб олади. Агар эрталаб зиёрат қилса, кечгача етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Агар кечқурун зиёрат қилса, тонггача етмиш минг фаришта унга салавот айтади” (Имом Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).
Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон Форсийни касал бўлганида кўргани борганлар ва: “Сенинг бу ётишингда учта хислат бор. Раббингдан эслатма, поклик ва олдинги гуноҳларингга каффорат, касал кишини дуоси мустажобдир, қодир бўлганингча Аллоҳга дуо қил” (Имом Байҳақий ривояти), деганлар.
Биродарининг зиёрати беморнинг соғайиб кетишига ёрдам беради. Яна у дўстлари олдида қадр-қиммати борлигидан хурсанд бўлади. Динимиз беморни зиёрат қилишни биродарлари зиммасидаги ҳақлардан бири этиб белгилаган. Ҳадисларда келишича: “Беш нарса мусулмон кишининг ўз биродари зиммасидаги ҳақларидан ҳисобланади: саломга алик олиш, акса урганда (“Алҳамдулиллаҳ”, деса), (“Ярҳамукаллоҳ”, дея) соғлик тилаб дуо қилиш, меҳмонга чақирганда бориш, касал бўлганда зиёрат қилиш ва жанозасида қатнашиш” (Муттафақун алайҳ).
Бемор кўргани боришнинг одоблари:
– одоб сақлаш. Масалан, эшикни оҳиста қоқиш, очиб-ёпиш;
– зиёрат учун беморга қулай бўладиган вақтни эътиборга олиш;
– касал кўргани келган киши беморга Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини ўқиб дам солиб, унинг ҳаққига дуо қилиши;
– зиёратчи беморнинг ҳузурида кўп ўтириб қолмаслиги.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам касал бўлган биродарларимизни зиёрат қилиб, уларнинг дуоларини олишга ундаганлар: “Беморларни зиёрат қилинглар ва улардан ҳаққингизга дуо қилишларини сўранглар. Чунки касалнинг дуоси фаришталарнинг дуоси каби мустажобдир ва унинг гуноҳлари кечирилгандир” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривояти).
Маҳфуза БОЗОРОВА,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар
ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Мўминалар” журнали, 11-сон, 2024 йил