Михсиз қурилган жоме
Халқ орасида “Дунган масжид” номи билан машҳур бўлган кўп асрлик Иброҳим ҳожи жомеси маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг эътиборини тортмоқда.
Ёғоч меъморчилигининг энг яхши намуналарини ўзида мужассам этган, Қоракўл шаҳрининг рамзи ва диққатга сазовор жойига айланган ушбу масжид ташқи ва ички қиёфаси ҳамда тарихийлиги билан ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
1910 йилда хитой меъморчилиги асосида қурилган ва ранг-баранг бўёқлар билан безалган масжид ўзининг нақшлари ва ёғоч ўймакорлиги билан ғоят мафтункор, Қирғизистон диний туризмида муҳим ўрин тутади.
Чор Россияси даврида қурилган ушбу масжид Қирғизистон шимолида сақланиб қолган ягона масжид экани айтилади.
Мазкур жомени XIX аср охирида Хитойдаги таъқиблардан Марказий Осиёга қочиб келган дунган халқи етакчиларидан бири Иброҳим ҳожи мумтоз хитой услубида қурдирган.
Бир қаватли, бир минорали, 120 ўринли масжиднинг пойдеворини маҳаллий усталар қўйган, ёғоч қисмини эса хитойлик меъмор Чжоу-Су ва унинг 20 нафар ҳунарманд ҳамроҳи мих ишлатмасдан қурган.
Масжид эшик-деразаларининг устки қисми узум, нок, анор ва шафтоли расмлари билан безатилган, томи яшил рангга бўялган, устунлари, шифти сариқ, минораси кўк рангда бўлган. Кейинчалик масжиднинг квадрат кўринишдаги ёғоч минораси қўшилган.
“Иброҳим ҳожи” масжидидан Шўро Иттифоқи даврида дон омбори ва спорт мактаби сифатида фойдаланилган. 1960-йилларда 140 йил аввал Қирғизистонга кўчиб келган хитойлик дунган мусулмонларининг Иккинчи жаҳон урушидан кейин масжидни ибодат масканига айлантириш учун кураши ортидан қайта очилган.
Масжидни ва таҳорат майдонини таъмирлаш ишларини 2016 йилда ТИКА (Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги) амалга оширди.
Масжид имоми Рустам Бубукеев Қоракўл шаҳри марказидаги “Иброҳим ҳожи” масжиди ўзига хос меъморчилиги билан барчанинг эътиборни тортаётганини таъкидлади: “Масжидга ташқаридан қарасангиз, Хитой қароргоҳига ўхшайди, лекин ичкарига кирганингизда жомени кўрасиз. Бизнинг масжидимиз ҳақиқатан ҳам гўзал”.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.