Доҳада “Қуръон карим ва инсоний билим” мавзусида халқаро анжуман ўтказилади
IQNA: Қатар пойтахти Доха шаҳри октябрь ойи бошида Қуръон карим ва инсоний билим ўртасидаги муносабатни муҳокама қилишга доир халқаро анжуманни ўтказишга мезбонлик қилади. Анжуман “У Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилади” шиори остида Қатар давлати Вақфлар ва ислом ишлари вазирлиги ҳамда Қатар университети ҳамкорлигида ташкил этилади.
Шу муносабат билан октябрь ойи бошида икки йирик халқаро конференция бўлиб ўтади. Улардан биринчиси “Қуръон ва инсоний билим: маърифатли инсоний билим сари” мавзусида бўлиб, у замонавий диний, ижтимоий ва инсоний билимлар орасидаги муносабатларни такомиллаштиришга, шунингдек, турли соҳалардаги мусулмон тадқиқотчиларни бирлаштиришга қаратилган.
Конференцияда 18 дан ортиқ турли ислом мамлакатларидан келган тадқиқотчи олимларнинг қатнашиши кутилмоқда. Улар Қуръон карим маъноларини замонавий инсоний билим тизимида татбиқ қилиш, ижтимоий ва маънавий муаммоларни таҳлил қилиш, шунингдек, ижтимоий ва гуманитар фанлар имкониятларидан шариат илмларини янада чуқурроқ ўрганишда фойдаланиш масалаларини муҳокама қиладилар. Мазкур конференция йил сайин ўтказилиб келинаётган илк тадбир саналиб, унда Қуръон каримнинг тўрт асосий билим соҳаси — тарбия, ижтимоий, маънавий ва иқтисодий билимларни шакллантиришдаги ўрни ва таъсири муҳокама қилинади.
Иккинчи тадбир — “Уммат китоби биринчи форуми”
Ушбу форум “Уммат китоби: маърифатли ҳисса ва доимий туҳфа” шиори остида ўтказилади. У Қатар Вақфлар ва ислом ишлари вазирлиги ҳузуридаги тадқиқот ва исломшунослик бошқармаси томонидан ташкил этилади.
“Уммат китоби” силсиласи 40 йилдан ортиқ тарихга эга бўлиб, исломий маънавият, фикр ва маданий уйғонишда муҳим аҳамият касб этади. Форумда силсила меросини қайта тиклаш, унинг методологияси ва замонавий муаммоларга ёндашуви муҳокама қилинади.
Форумда 8 та илмий маъруза тақдим қилиниши режалаштирилган бўлиб, улар замонавий мусулмон шахсини қайта қуриш ва барқарорликка эришиш, исломий қадриятлар асосида маънавий, мафкуравий ва моддий манфаатлардан унумли фойдаланиш йўлларига бағишланади.
Форумнинг аҳамияти шундаки, у “Уммат китоби” силсиласининг исломий мафкура ва маданиятда қолдирган изини, унинг мактаблар ва турли йўналишлардаги таъсирини янада чуқурроқ очиб бериш имконини яратади.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.