Мутакаббирлик оқибати
Тўй бўлди. Қайнона келинини илиқ кутиб олди. Келиннинг ҳам “онаси”га меҳри уйғонди. Бир куни можаро бўлди-ю, икки кўнгил бир-биридан совиди. Кўнгилни илитиш учун на қайнона болам, дея олди ва на келин: “Узр, мендан ўтди”, деди.
Шундай вазиятларда икки инсоннинг бир-бирини тушунмаслиги сабабли бугун айрим оилалар ажрим ёқасига келиб қолмоқда. Яқинда маҳалла фаоли сифатида бир оилани яраштиришда иштирок этдим. Катталарнинг насиҳатини тинглаётган икки ёш севишиб турмуш қурган экан, ажрашмасликка қарор қилди. Лекин орага қайнона аралашди:
– Ажрашади! Менга гап қайтарадиган келиннинг кераги йўқ.
– Келинингиз чаққон, маҳаллада ҳамма мақтайди. Бунинг устига набираларингиз бор. Ёшлик қилиб, билмай гапириб қўйибди. Кечирим сўради-ку, – дея куюниб гапириб кетди маҳалла раиси.
– Набирани бошқа келин ҳам туғади. Тили-жағи йўғидан топаман! – деди қайнона.
Баъзан фарзандлар ота-онага дашном беради. Уларникини эркаликка, ёшликка йўямиз-ку, бироқ келин бир хато қилса, кўтаролмаймиз. Бундайлар набираларини етим, ўғлини бахтсиз қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир аёлни эрига қарши қайраб, муносабатини бузган ёки қулни ўз хожасига қарши қайраган одам биздан эмас”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Уйига келган бегона қизнинг севимли рафиқа, оқила аёл, намунали она бўлишида қайноналарнинг ўрни катта.
Азиз қайнонажонлар, мутакаббир бўлманг! Аксинча, сизнинг ўгитингиз билан, меҳр-муҳаббатингиз туфайли аҳил ва фаровон оилалар кўпайсин.
Тошпўлат АШУРОВ,
Когон шаҳри
“Мўминалар” журнали, 12-сон, 2024 йил