“Шайх Зайниддин” масжиди
Элимиз орасида “Кўкча” масжиди номи билан машҳур “Шайх Зайниддин” жомеси пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Кўкча” маҳалласида жойлашган муаззам обида.
Манбаларда “Шайх Зайниддин” масжиди нисбатан ёшроқ бўлса-да, аммо шу номдаги қабристон қарийб 700 йиллик тарихга эга экани айтилган. У зоти муҳтарамнинг тўлиқ исми шарифи Шайх Зайниддин Кўйи Орифони Тошкандий ибн Шайх Шаҳобиддин Абу Ҳафс Умар Суҳравардий. 1164 йил туғилган ва 1259 йил вафот этган. Отаси Шайх Шаҳобиддин Абу Ҳафс Умар Суҳравардий узоқ йиллар Ироқнинг Хоразмшоҳликдаги элчиси бўлган. Шайх Зайниддин ўша даврда Хоразмдан Тошкентга келган. Манзилга яқинлашганида шаҳарнинг Кўкча дарвозасига етмасдан туяси юришдан тўхтаган ва шу ерга ўтроқлашган. Кейинчалик бу макон Кўкча даҳасига айланган. Шайх Зайниддин бобо тариқат пири, фалакиёт илми олими ва ер ости йўли қурилиши муҳандиси бўлган. Вақти етиб паймонаси тўлган ҳазрати Шайх ушбу маконга дафн этилган ва шу туфайли “Шайх Зайниддин бобо” қабристони пайдо бўлган. Мазкур қабристон XIX юзйилликда шаҳарнинг энг йирик қабристонларидан бири саналган. Аммо у вақтларда бу ерда фақат чиллахона ва ҳужралар мавжуд бўлган, масжид эса кейинроқ қурилган. У зотнинг қабрини зиёрат қилгани келган Соҳибқирон Амир Темур Шайх Зайниддин ҳазратларининг бошида мақбара қурдирган. Обида вақт ўтиши билан бир неча бор таъмирланган. Мақбаранинг орқа томонида “Чиллахона” – саккиз томонли, юқориси гумбаз сифатли бино қад кўтариб турибди.
Масжиднинг қадимий биноси XIX-асрнинг охирида қурилгани, масжид ҳовлисидан ўтган анҳор сувининг таъсири ва 1966 йтлда юз берган зилзила оқибатида яроқсиз ҳолга келгани учун масжид биноси 1995-1997 йилларда бутунлай қайта қурилди. Минора гумбазли, масжид биноси 6000 намозхонга мўлжалланган бўлиб, икки ёни икки қаватли хонақоҳ, ертўла, ромли айвон, таҳоратхона, ошхона, мутавалли ва имомлар хонасидан иборат. Таҳоратхонада иссиқ, совуқ сувнинг узлуксиз таъминоти йўлга қўйилган. Хонақоҳга ўрнатилган махсус ускуналар ёрдамида ёзда салқин, қишда эса иссиқ бўлади.
2011 йилда масжид биносининг ички қисми капитал таъмирдан чиқарилди. Таъмир жараёнида масжид интерьерига хос бўлган хаттотлик санъати, ганч ва ёғоч ўймакорлик ишлари кенг қўлланилди.
Робия ДАМИН қизи