“AЗҲAБ 2-форуми” Бокуда бўлиб ўтади
7-8 октябрь кунлари Бокуда “Озарбайжон Ҳалол Бизнес Форуми (AЗҲAБ)” бўлиб ўтади. КОБИA томонидан Иқтисодиёт вазирлиги кўмагида ташкил этилган форум “Ҳалол саноати жадал ривожланаётган дунёда барқарорлик манбаи” мавзусида ўтказилмоқда, деб хабар беради, islam.az.
Форумдан кўзланган мақсад сармоя ва савдо соҳасида янги ҳамкорликни йўлга қўйиш, фикр ва тажриба алмашиш, Озарбайжонга хорижий инвестицияларни рағбатлантиришдан иборат. Форумда Озарбайжон ва хориждан тегишли идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари, илмий доиралар, халқаро ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар иштирок этади.
“AЗҲAБ 2025” форуми икки қисмдан иборат бўлади: конференция ва кўргазма. Конференцияда ҳалол саноатининг анъанавий йўналишлари, жумладан, молия ва туризм, ҳалол бизнесни бошқариш, яшил ўтиш, аёлларнинг бизнесдаги ўрни ва бошқа ривожланаётган йўналишлар муҳокама қилинади. Форумнинг биринчи сессияси, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) доирасида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ИҲТ КЎБ тармоғининг (ОИC-СМЕНЕТ) расмий таъсис маросимига бағишланади. Кўргазмада Озарбайжон ва хориждаги компанияларнинг маҳсулот ва хизматлари намойиш этилади. Ўтган йилги кўргазмада 30 га яқин маҳаллий ва халқаро компания ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этди.
Жорий йилда кўргазма янада кенг кўламда ва кўпроқ давлатлар иштирокида ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозирда маҳаллий ва халқаро компаниялар томонидан иштирок этиш учун рўйхатга олиш давом этмоқда. Кўргазма маҳаллий ва халқаро компанияларга ўз маҳсулот ва хизматларини кенгроқ аудиторияга тақдим этиш, тегишли соҳада ҳамкорлар топиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, потенциал мижозлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, тажриба ва технологиялар алмашиш, ҳалол саноати соҳасидаги инновациялар, тенденциялар ва стандартлар билан танишиш имконини беради. “AЗҲAБ 2025” форуми доирасида Ислом Савдо-саноат палатаси “Ҳалол хизмати” томонидан “Ҳалол ҳақида ўйланг: ҳар бир тадбиркор нимани билиши керак” деб номланган икки кунлик семинар ҳам ташкил этилади. Ушбу семинарда турли соҳалардаги бизнес вакилларига ҳалол бизнес модели, мавжуд стандартлар ва маҳсулотларни халқаро бозорларга чиқариш бўйича маълумотлар берилади. Бу йил форум Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ), Ислом мамлакатлари статистика, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар ва ўқитиш маркази (СЕСРИC), Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти (СМИИC), Ислом Савдо палатасининг Ҳалол хизмати (ИCҲС) билан ҳамкорликда ўтказилади ва унга “Caspian Event Organisers” ташкилоти ҳомийлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, биринчи “AЗҲAБ Форуми” 2024 йил октябрь ойида ўтказилган бўлиб, унда дунёнинг турли минтақаларидан, жумладан Aвстралия, Aмерика, Евроосиё ва Aфрикадан жами 350 нафар меҳмон иштирок этган. Биринчи “AЗҲAБ Форуми” Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг тегишли резолюцияси билан қувватланди.
И.Аҳмедов тайёрлади.