“Ал-Азҳар”да Қуръон ўқишни ўрганишга оид илова ишга туширилди
“Ал-Азҳар” мажмуасига қарашли Қуръон марказлари котибияти томонидан Қуръон карим хизматини юксалтириш мақсадида “Электрон қори” номли таълимий мобил илова ишга туширилди.
“IQNA” сатининг “News Room”га таяниб хабар беришича, ушбу илова “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад ат-Таййибнинг қўллаб-қувватлаши ва “Ал-Азҳар” шайхи муовини Муҳаммад Абдураҳмон ад-Дувайнийнинг назорати остида амалга оширилди. Лойиҳа замонавий технологиялардан фойдаланиш орқали Қуръонга хизмат қилиш ва уни ўргатиш мақсадида ишлаб чиқилди.
Мазкур иловани тайёрлашда “Ал-Азҳар” муассасаларига қарашли дастурчилар гуруҳи буюк фаолият кўрсатди. Дастур махсус равишда талабалар ва ўқитувчилар учун Қуръон каримни тўғри ва аниқ ўқишни енгиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
“Ал-Азҳар” мажмуасининг Қуръон ишлари бош бошқармаси иловани техник текширувдан ўтказиб, ундаги матн ва ўқиш тўғрилиги, тажвид қоидаларига мослиги ҳамда Қуръон ёзувининг тўғрилигига ишонч ҳосил қилди. Ушбу илова самарали таълим воситаси бўлиб, Қуръонни тўғри ва равон ўқиш имкониятини яратади, шу орқали “Ал-Азҳар” муассасалари ичида ва ташқарисида ҳам Қуръон таълим жараёнини қўллаб-қувватлайди.
Лойиҳа “Ал-Азҳар” мажмуасининг диний таълимда замонавий технологиялардан кенг фойдаланишга бўлган интилишининг бир кўриниши бўлиб, у тўғри исломий қадриятларни ўргатиш, Қуръон каримни ёдлатиш ва ўқишини осонлаштиришга хизмат қилади.
Манбалар асосида И.Аҳмедов тайёрлади.