Ўзимизни ислоҳ қилмасак…
Йиллар ўтиб, пойтахтдан Сурхондарёга – ота уйимга борганимда синфдош қизлар билан йиғилиб қолдик. Гурунглашар эканмиз, орада момочироқ, арвоҳлар ҳақида ҳам гап кетди. Айрим дугоналарим бидъат амал сабаб ўзларида кузатилган ўзгаришларни айтишди.
– Ўғлим касал бўлди, фолчига боргандик, кўк эчки сўйишимизни айтди. Сўйдик, тузалиб кетди, – деди бири.
– Менинг ҳам қизим ётиб қолувди. Азайимхон қора товуқ сўй, деди, биз ҳам шундай қилгандик, яхши бўлиб қолди, – деди бошқаси…
Мен ортиқ жим туролмадим ва:
– Бунақа хурофотлар динимизда йўқ! Ҳалиям бидъатларга ишониб юрибсизларми?! – дедим.
Шунда бир дугонам жаҳл билан:
– Бор! – деди.
– Хўп, қаерда бор экан?! – дедим босиқлик билан. – Фақат Аллоҳнинг Ўзидан шифо ва ёрдам сўралади, – деб астойдил тушунтирдим. Аммо улар қабул қилмай, бу “урф”дан воз кечгиси келмади. Аксинча, унинг “фойдалари” ҳақида гапира кетишди: “Фалончи яхши бўлди”, “Пистончи оёққа туриб кетди”…
– Ўша одамлар бутунлай соғайиб кетишдими?..
– Ҳа, фолбиннинг айтишича, баҳор ва кузда яна чироқ ёқиш керак экан, – дейишди.
– Мана, вақти-вақти билан чироқ ёқамиз, деб жинга сиғинаётганларингни ўзларинг исботлаб турибсизлару… – дедим.
Йигирма-ўттиз йил олдин ҳам шу гаплар эди. Наҳот, ҳамқишлоқларим ўзгаришмаган бўлса! Бир пайтлар динимизни мукаммал ўрганишга имкон ва илож бўлмаган. Лекин ҳозир замон ўзгарди-ку! Қолаверса, интернет ривожланган даврда яшаяпмиз. Нима ҳақида билишни истасангиз, қидиринг, бир дунё маълумот чиқади. Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ асос солган islom.uz порталлари бор. Уларда турли мақолаларни ўқиш мумкин. Шунингдек, диний адабиётлар мутолааси орқали ҳам одам ақида, фиқҳ, сийрат каби мавзуларда билмаганларини ўрганиб олади.
Устига устак, масжидларда имом-домлаларимиз ширк, бидъат амаллар ҳақида мавъизалар қилишади. Агар эркакларимиз бу имом-хатибларнинг панду насиҳатларини жон қулоғи билан тинглаб, аёл-қизларига ҳам етказишса, нур устига нур бўларди.
Яна азиз-авлиёларнинг қабрларини айланиб, мушкулига ечим сўраётган айрим юртдошларимизни кўриб, ачиниб кетаман. Ахир бу ишлари билан охиратларини бой бермоқда-ку! Аллоҳ таоло ояти каримада бундай огоҳлантиради: “Албатта, ким Аллоҳга ширк келтирса, батаҳқиқ, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилди. Унинг жойи дўзахдир” (Моида сураси, 72-оят).
Қабр атрофини етти марта айланиб, маййитдан ёрдам сўраш, чироқ ёқиш, ўликларга атаб жонлиқ сўйиш каби бидъат амаллар юртимизнинг турли ҳудудларида ҳар хил номлар билан учраётгани афсусланарлидир.
Жамият тараққий этиб, аёл-қизларимиз маърифатли бўлиб борар экан, жоҳилона ишларга чек қўйиш, айниқса, хотин-қизлар ўзаро йиғилганларида бир-бирларига билмаганларини ўргатишлари лозим. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек: “Бу (жазоларнинг сабаби) Аллоҳнинг бир қавмга инъом этган неъматини, то улар ўзларидаги нарсани (муносабатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи бўлмаганидандир. Шунингдек, яна Аллоҳнинг эшитувчи ва билувчи эканидандир” (Анфол сураси, 53-оят).
Ўзимизни, аҳли оиламизни шариатга мувофиқ яшашга бошлайлик, азизлар!
Шаҳло ИМОМОВА
“Мўминалар” журнали, 1-сон, 2025 йил