Яна бир мўътабар китоб нашр этилди
Бугун Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида “Нурул қуръон номли маънолар таржимаси” ва “Қуръони карим маъноларининг сўзма-сўз таржимаси” китобларининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Унда исломшунос олимлар, диний соҳа мутахассислари, талабалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирни Тошкент Ислом нститути ректори, Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан очди. Унинг таъкидлашича, халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг Қуръони каримга бўлган муҳаббати, Каломи шарифнинг маъноларини билишга бўлган иштиёқи туфайли истиқлол йилларида Қуръони каримнинг ўндан ортиқ маънолари таржималари амалга оширилди. Ҳатто нуфузи олимлардан ташкил топган ҳайъат томонидан рад этилган таржималар ҳам бўлди. Бугун тақдимоти бўлаётган асарлар эса изланувчан олимнинг қарийб ўттиз йиллик меҳнати самараси. Бунда маънолар таржимасини қилган улуғ устозларнинг тажрибаларидан ҳам унумли фойдаланилган.
Ундан кейин исломшунос олим Муҳаммадхон Жаҳонгиров сўзга чиқиб, “Нурул Қуръон номли маънолар таржимаси” ва “Қуръони карим маъноларининг сўзма-сўз таржимаси” китобларининг таҳрир жараёни қандай боргани, оят ва сўзларнинг маъноларини тўғри тушуниб олиш учун қайси манбаларга мурожаат қилингани хусусида сўзлаб берди.
“Нурул Қуръон номли маънолар таржимаси” ва “Қуръони карим маъноларининг сўзма-сўз таржимаси” китобларининг маънолар таржимони, Турон фанлар академиясининг академиги, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Сардорхон Жаҳонгир ушбу китобларнинг нашрга тайёрлаш жараёни ва уларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, жумладан, бундай деди: “Қуръони карим таржима қилинмайди, тиловат қилинади. Мўътабар уламоларимиз эса унинг маъноларини таржима қилган. Бизнинг тадқиқотимиз ҳам устозларимизнинг меҳнатининг давоми ва биз бунга сўзма-сўз таржимани қўшдик. Яъни ояти каримадаги ҳар бир сўзнинг таржимасини ўзининг тагига ёздик ва кейин жамловчи маънони чиқардик. Бу Қуръон мухлислари учун ниҳоятда фойдали бўлади, деган умиддамиз”.
Шундан сўнг тадбирда қатнашаётган талабаларга викторина саволлари берилди. Унча-мунча Қуръони карим мутахассиси жавоби топишга қийналадиган саволларга талабалар бараварига қўл кўтариб жавоб беришганини кўрган иштирокчилар жуда ҳам хурсанд бўлишди ва ушбу даргоҳда таълим бериш ниҳоятда яхши йўлга қўйилганига гувоҳ бўлганини эътироф этишди.
Тадбир ниҳоясида викторина ғолибларига тақдимоти бўлган китоблар совға қилинди.
Дамин ЖУМАҚУЛ