Исрофнинг уволи бор!
Тўй ҳаётимиздаги қувончли воқеалардан саналади. Аммо баъзан ушбу тантаналар чиройли урф-одатлар чегарасидан чиқиб, хурофот ва бидъатлар исканжасига тушиб қолади. “Еб-ичинг, лекин исроф қилманг. Зеро, Аллоҳ исроф қилувчиларни севмайди” (Аъроф сураси, 31-оят).
Муфассирлар оят тафсирида бундай дейди: “Аллоҳ таоло бандаларига неъматларини ҳалол қилиб берган ва бу неъматлардан фойдаланишда одобни, шунингдек, чегара ҳамда меъёрни сақлашга буюради. Исроф эса Аллоҳнинг ризқига ношукрлик қилишдир. Чунки инсон исроф қилиш орқали нафақат ўз мол-мулкини, балки унга ишониб топширилган неъматларни ҳам беҳуда сарфлайди. Мазкур оят бандаларни бу каби ҳаддан ошишлардан қайтаради”.
Тўй қилиш баҳонасида қарзга ботаётганларни кўрганимизда бу ишлар янада оғриқли тус олганини яққол англаймиз. Кўпинча бу ҳолат никоҳ тўйларида кузатилади. Бўлажак қудалар бир-бирларининг олдида изза бўлиб қолишдан чўчиб ва куёв томон ҳам келин томонга “қўллари узун”лигини намоён қилиш мақсадида исрофгарчиликка, риёкорликка йўл очишади. Ваҳоланки, Набий алайҳиссалом: “Никоҳнинг энг баракотлиси енгилроғидир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Инсонлар аксар ҳолларда тўйларда дабдабага, ҳашамга, зеб-зийнатга берилиб кетишади. Бунинг оқибатида исрофгарчилик ва бидъат-хурофотларга қўл уришади. Ҳақиқий мусулмон инсон орзу-ҳаваслари ортидан қувишдан, қуйидаги ҳадис ҳукмига кириб қолишидан ўзини эҳтиёт қилиши лозим: “Ким бизнинг динимизда бўлмаган нарсани динга киритса, у биздан эмас” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Тўйлардаги расм-русумлар, тутумлар, тадбирлар бизни асл мақсадимиз бўлмиш Аллоҳнинг розилигидан йироқлаштирмасин.
Муслима НОСИРИДДИНОВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси
“Мўминалар” журнали, 1-сон, 2025 йил