Қуръон илмлари соҳасида “Йилнинг энг нуфузли кишиси”
“Ал-Aзҳар” университетидаги Қуръон илмларини назорат қилиш қўмитаси раҳбари, шайх Aбдулкарим Солиҳ Ливия мукофоти халқаро Қуръон карим мусобақасида Қуръон илмлари бўйича “Йилнинг энг нуфузли кишиси” унвонига номзод қилиб кўрсатилди ва тақдирланди.
“IQNA” сайтининг “Розал Юсуф” нашрига таяниб хабар беришича, 2Aл-Aзҳар” университетига қарашли Қуръон тафтиш қўмитаси раҳбари ва Мисрдаги Порт-Саид халқаро Қуръон мусобақаси ҳакамлар қўмитаси раҳбари Aбдулкарим Солиҳ Қуръонни тарғиб қилиш бўйича 13-Ливия мукофоти халқаро Қуръон мусобақаси қўмитаси томонидан Мисрда, шунингдек, бутун араб ва ислом дунёсида Қуръон илмлари бўйича 2025 йилдаги Йилнинг энг нуфузли кишиси” унвонига номзод қилиб кўрсатилган ва тақдирланган.
Шайх Aбдулкарим Солиҳ Қуръони карим ва унинг илмларига хизмат қилиш билан боғлиқ бир қанча нуфузли лавозимларда фаолият олиб борган.
У Мисрнинг Порт-Саид шаҳридаги Халқаро Қуръон мусобақаси ҳакамлар қўмитаси раҳбари лавозимидан ташқари, “Aл-Aзҳар” университетидаги ислом тадқиқотлари Академиясида Қуръон илмларини назорат қилиш қўмитаси раҳбари сифатида ҳам иш юритади.
Шунингдек, у “Aл-Aзҳар” университети Қуръони карим факултетининг тафсир, Қуръон ва қироат илмлари бўйича профессори бўлиб, аввал ушбу факултетнинг тафсир, Қуръон ва қироат илмлари кафедрасига раҳбарлик қилган. Шайх Aбдулкарим Солиҳ Миср ва хориждаги халқаро Қуръон мусобақаларининг ҳакамлар қўмиталарида фаолият юритувчи энг кўзга кўринган олимлардан бири бўлиб, Макка, Дубай, Баҳрайн, Ливия ва Судандаги йирик мусобақаларда Aл-Aзҳар университети номидан қатнашган.
Мисрлик оммавий ахборот воситалари фаоли Одил Мусайлиҳий шундай деди: “Ушбу муваффақият Порт-Саид халқаро Қуръон мусобақасида эришилган сезиларли ютуқлардан далолат беради ва юқори даражадаги тажриба ва билимга эга Қуръон уламоларидан иборат ҳакамлар ҳайъатининг савиясини намойиш этади”.
Унинг таъкидлашича, Шайх Aбдулкарим Солиҳнинг танланиши мусобақанинг глобал мавқеини янада мустаҳкамлаган ва орттирган.
Эслатиб ўтамиз, Шайх Маҳмуд Aли Aл-Банна номидаги Порт Саид IX Халқаро Қуръон карим мусобақаси 2026 йилнинг 30 январидан 2 февралига қадар бўлиб ўтади. Мазкур мусобақада Миср ҳамда араб ва ислом мамлакатлардан бир қатор иштирокчилар ўзаро рақобатлашади.
И.Аҳмедов тайёрлади.