Суриялик хаттот 12 йил давомида Қуръон каримни мато устига ёзиб чиқди
“IQNA” сайти хабарига кўра, суриялик хаттот Муҳаммад Моҳир Ҳозирий 12 йил умрини Қуръони карим оятларини мато устига ёзиш ва нақшлашга сарфлади. У бу ижодий меҳнати орқали Аллоҳнинг каломини гўзал хат билан битиб, нодир ва бетакрор асар яратди. Ҳозирий ўз ишини 1998 йилда бошлаб, 2010 йилда якунлади. Унинг айтишича, бу даврда у хат санъати ва тўқувчилик соҳасидаги тажрибасидан фойдаланган. Ҳозирий Қуръонни тўлиқ мато устига ёзиб чиққан, ҳар бир саҳифани 80 сантиметр узунликда ва 60 сантиметр кенгликдаги бўлакларга бўлган. Асар якунида 12 жилддан иборат, 200 килограмм оғирликдаги улкан қўлёзма ҳосил бўлган. Бу меҳнат гўзаллик ва Қуръон каримга бўлган эҳтиромнинг рамзи сифатида баҳоланган.
Хаттот Муҳаммад Моҳир Ҳозирий ўз асарини 2012 йилдан бошлаб турли халқаро китоб кўргазмаларида намойиш қилиб келган. У ҳар жойда катта қизиқиш ва ҳурмат билан қарши олинган. У шундай дейди: “Менинг орзуим асаримни Саудия Арабистонида намойиш этиш эди. Бу ниятим Аллоҳнинг инояти билан 2025 йилда амалга ошди, мен Эр-Риёд халқаро китоб кўргазмасида иштирок этдим”.
Хаттот ўз ижодий йўли ҳақида сўзлар экан, аввал Қуръонни қоғозда кўчириб ёзиш орқали хат санъатини ўрганганини, кейинчалик эса мато устига ёзишга ўтганини таъкидлади. Унинг айтишича, бу иш жараёнида у 40 та ҳадис, Луқмони Ҳакимнинг васиятларидан айримлари ва дуо оятларини ҳам мато устига ёзган. Муҳаммад Моҳир Ҳозирийнинг бу асари нафақат бадиий жиҳатдан, балки маънавий жиҳатдан ҳам улкан аҳамиятга эга бўлиб, Қуръон каримга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг ёрқин намунасидир.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
Манба: ajel.sa/misc