Беш минорали жоме
“Зоҳир” масжиди Малайзиядаги Кедах федерал штатининг энг диққатга сазовор меъморий ёдгорликларидан бири ҳисобланади ва дунёдаги энг чиройли масжидлар ўнлиги рўйхатига киритилган. Масжид штат пойтахти – минтақадаги қадимий шаҳарлардан бири саналувчи Алор Стар шаҳрида барпо этилган.
Мазкур масжид қурилиш 1912 йилда бошланган. Расмий очилиш маросими 1915 йилнинг октябрида бўлган ва ўша тантанали маросимни султон Абдул-Ҳамид Ҳалим Шоҳ олиб борган Масжид биноси 1821 йилда Сиам босқинчилари охирги марта Кедахни ишғол қилмоқчи бўлганларида уларга қарши курашиб жангда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг қабристони ўрнида қад ростлаган. Масжиднинг меъморий услуби – Индонезиянинг Шимолий Суматра штатидаги “Азизий” масжидининг кўчирма нусхасидир, бироқ “Зоҳир” масжидининг ўлчами “Азизий” масжидиникидан анча катта. Меъморий обиданинг тош деворлари ёқимли сарғиш рангда ва гумбазлари тўқ қора рангда бўлиб, замонавий масжидлар меъморчилигида бундай услуб жуда кам учрайдиган ҳодиса.
Масжид биноси катта майдонни банд қилган. Намозхонасининг ўзи уч юз эллик квадрат метрни ташкил қилади. Масжиднинг ҳар бир бурчагида миноралар бор, уларнинг сони бешта – битта ичкаридан кўтарилган катта минора ва тўртта кичкина миноралар. Масжидга Исломнинг бешта асосий тамойили тимсоли бўлган бешта гумбаз оро бериб туради (Миноралар устидаги тўртта кичик ва битта катта гумбаз). Масжидда бир вақтнинг ўзида беш минг киши намоз ўқий олади. Унинг орқасида шариат суди ва болалар боғчаси бинолари жойлашган.
Маҳаллий аҳоли ва бошқа мамлакатлардан келадиган мусулмонлар учун “Зоҳир” масжиди азалдан нафақат муҳим диний ёдгорлик, балки ҳақиқий маданий марказ вазифасини ўтаб келмоқда. Масжидда ҳар йили Қуръони карим қироати бўйича давлат танлови ўтказилади. Унда қатнашиш учун бутун дунёдан қорилар ташриф буюради.
Тажрибали сайёҳлар кечқурун ноёб меъморий обидани томоша қилиб завқланишни хуш кўрадилар. Улкан бино жуда чиройли бадиий ёритиш мосламалари билан безатилган. Дунёдаги энг гўзал масжидлардан бирининг ички қисми унчалик ҳашаматли эмас, унинг ички безаги оқ ва кўк рангларда қилинган. Махсус безаклар орасида девор ва шифтга маҳорат билан ишланган бадиий бўёқларни, шунингдек, ерига тўшалган улкан нақшли гиламни таъкидлаш мумкин.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.