Боласига эркаланган оналар
Қўшнимиз икки фарзанднинг отаси. Онасига бўлган муомаласи ва муносабатига ҳавасимиз келади. Ташкилотда раҳбар бўлиб ишлашини эшитганимиздан кейин ҳайратимиз янада ошди. Бир куни қўшнимнинг уйига бир юмуш билан бордим. Фарзандларига таом бериб ўтирган ўғли орада онасини ҳам ёш боладай овқатлантиради. (Балки онасига шундай муомала қилаётганлар камлиги туфайли бу манзара мени ҳайратлантирди.)
У: “Хола, волидайи султоннинг иштаҳалари йўқ экан?! Овқатланмасалар, қандай тузаладилар, тўғрими?” деди. Она озгина таомни егач, рад этса, худди ёш болани эркалагандай ўғил уларни ейишга мажбурларди. Беихтиёр кўзимга ёш келди.
Онасини турли номлар билан эркалаб чақирадиган бу йигит оиласига ҳам гўзал муомала қиларди. Қўшним ҳам фақат шу ўғлини гапиради. Уларга қараб, икки ўғли ташлаб кетган кекса холамни эсладим. Ўшанда улар менга: “Кексайганда меҳрга кўпроқ эҳтиёжинг бўлар экан. Ўғил бола дангал, жиддий бўлсин, ўғилларимнинг отаси йўқ, кўнгли ўксимасин, деб эркалатибман-у, яхши тарбия беролмабман, афсус”, деган эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гуноҳи кабиралар – Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, ноҳақ одам ўлдириш ва ёлғон қасам ичиш”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Она шундай зотки, агарда сиз фарзандингизга танбеҳ берсангиз, аёлингиз билан тортишиб қолсангиз, овозингиз кўтарилишидан чўчиб, ғазабингиздан ёш боладай ҳайиқиб туради. Кўнглингизга қарар экан, майин оҳангда: “Болам, мени ҳам уришмайсанми? Хафа бўлиб қоламан-да”, дейди. Чунки у фарзандидан қалбида норози бўлишдан қўрқади.
Онанинг дилдаги гаплари: «Болам, менга жаннат ҳақида гапиринг. Расулуллоҳни соғинган онангизга малҳам бўлинг. “Сизни туғиб берган бувимга нима олиб берсам экан?” деб кулдиринг. “Бизни катта қилиб, ўзингиз кичрайдингиз, она”, денг. Набиралари қувончидан қувнаётган онангизнинг пешонасидан ўпиб айтинг: “Сиздек онани берган Раббимга ҳамдлар бўлсин!”»
Биласизми, бундай гаплар оналарни бахтли қилади, сизни эса икки дунё саодатига етаклайди, иншоаллоҳ!
К. АБДУМАЛИК қизи
“Мўминалар” журнали, 3-сон, 2025 йил