16ноябрь — Халқлар бағрикенглик куни муносабати билан “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда
Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида миллатлараро ва динлараро дўстлик, аҳиллик ва бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирларни ўз ичига олган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида Тошкент фотосуратлар уйида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” номли фотокўргазма ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раҳбарияти ва ходимлари, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаоллари, диний конфессия вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этди.
Кўргазмада Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамда миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва дин вакилларининг турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари акс эттирилган 100 дан ортиқ асарлар намойиш этилди.
Таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида яшаб келмоқда.
Жорий йилнинг 10-15 ноябрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб ўтказиладиган “Бағрикенглик ҳафталиги” тадбирлари доирасида республикамизнинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги нуфузли санъат саройлари, театрлар, концерт заллари, томоша майдонлари ва соғлом хиёбонлари ҳамда боғларида турли маданий-маърифий, илмий-амалий каби қизиқарли байрамона тадбирлар режалаштирилган.