Нажот топишни истасак!
Метро бекатида икки кишининг жон куйдириб суҳбатлашаётгани диққатимни тортди. Биринчиси куйинчалик билан айтяпти: “Яқин қўшнимнинг ўғли туни билан ухламасдан интернетда ўтиради. Айни кучга тўлган, жасадини кўрса от ҳуркадиган барваста йигит. Отаси “Болам, бирор жойда ишласанг бўлмайдими?” деса, “Мен нима қиляпман ҳозир, яқинда сизга “малибу” олиб бераман, кейин истироҳатингиз учун ҳар ойда 2 минг доллардан бериб тураман”, дермиш. Уйлан деса, уйланмасмиш ҳам, қизларни ёқтирмасмиш… Иккинчиси айтади: “Ҳаа, унга бир фол очтириб қўйса бўларкан”.
Қимор ва фолбинликнинг ёмон амал экани ўн тўрт асрдан буён таъкидланиб келади. Шу вақт мобайнида бу амалларни қилган кишилар ҳаётлиги даврида, албатта, бир балога йўлиққани, қиёматда эса янада қаттиқроқ жазога учраши муқаррарлиги ҳақида мутафаккир боболаримиз кўп ва хўб ёзганлар. Уларнинг огоҳлантирганлари шарофати билан бу қабиҳ ишлар оммавий тус олиб кетмагани табиий.
Аммо орамизда ҳали ҳам фолбинга югурувчи авомлар, осонгина бойлик ютиб олиб, бирданига бадавлат бўлиб қолишни хом-хаёл қиладиган, бунинг оқибатида қимматли вақтини сарфлаб турли-туман ўйинларга қатнашиб юрадиган содда ва гўл одамлар истаганча топилади. Шуларнинг ҳисобига бу икки иш билан шуғулланувчиларнинг дастлаб ошиғи олчи ва кейинчалик охири вой бўлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Айниқса, кейинги йилларда қиморбозлик оммавий маданиятга айланиб бораётгани эса юртдан баракани кўтарадиган, одамларнинг азиз умрини ҳавога совурадиган, янада даҳшатлиси, Аллоҳ таолонинг амрига қарши борадиган аянчли ҳодисанинг ўзгинасидир. Илло, Аллоҳ таоло Қуръони каримда огоҳлантириб: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” (Моида сурасининг 90-ояти), дея бу ишларнинг ифлос ишлар эканини, Шайтоннинг тузоғлигини очиқ-ойдин баён қилиб қўйган. Лекин одамлар бандалигига бориб, баъзилари авомликдан, яна бирлари эса нафсининг қутқусига учиб қимор ўйинлари иштирокчисига айланиб қоляпти.
Охир-оқибат бор-будини ютқазиб қўйса ёки сариқ чақа ҳам ютмасдан бир неча йиллик умрини ўтказиб қўйса, нега бундай бўляпти, деб фолбинга югуради. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Ўз Каломида: “Ғайбнинг калитлари ҳам Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Ундан бошқа ҳеч ким билмас. У қуруқлигу денгиздаги нарсаларни биладир. Бирорта япроқ тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер зулматларидаги дон бўлсин, ҳўлу қуруқ бўлсин, албатта, очиқ-ойдин китобда бордир” (Аъроф сураси, 59-оят), деб ғайбнинг сирларини фақат Ўзи билишинининг хабарини берган.
Ҳамма нарсан биламан деб даъво қилувчи фолбинлар, аслида фақат битта нарсани билади: ҳузурига келган одамнинг бор-будини шилиб олишни. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ирим қилувчи ёки ирим қилдирувчи, фолбинлик қилувчи ёки фолбинга борувчи, сеҳр қилувчи ёки сеҳр қилдирувчилар биздан эмаслар”, деб бундай кимсаларни мўмин-мусулмонлардан айириб қўйганлар.
Нега? Чунки юқоридаги ояти каримада бундай қабиҳ ишлардан иймон келтирганлар қайтарилмоқда. Киши эса иймон келтириш билан мусулмон бўлади…
Бироқ белини букмасдан, терини тўкмасдан – осонгина бадавлат бўлиб олишни истаган иймони заиф ёки бутунлай иймонсиз кимсалар оқибати яхшилик билан тугамайдиган ишларни одамларнинг онгини чалғитиш йўли билан жозибадор суратда намойиш этаётир.
Бундай нарсаларга алданиб қолмаслик учун мўминнинг қалби уйғоқ, фикри тийрак бўлмоғи даркор. Бугуннинг одамида илм, тасаввур, кузатиш, таҳлил қилиш имконияти мавжуд. Фақат бир озгина қатъият ила ақл юритилса кифоя. Нажот топишни истасак, улардан йироқ бўлайлик! Ана шундагина қиморбозлигу фолбинлик каби иллатлар ўз-ўзидан даф бўлиб кетади.
Дамин ЖУМАҚУЛ
http://hidoyatuz.taplink.ws