“Холид ибн Валид” жомеси
Андижон вилоятининг Асака шаҳридаги энг гавжум ва марказий ҳудудда жойлашган, шаҳарнинг кўрки ва фахри бўлган “Холид ибн Валид” жоме масжидига 1991 йилнинг 23 апрелида пойдевор қўйилган эди. Масжид 2004 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Адлия вазирлиги томонидан расмий рўйхатдан ўтказилди. Истиқлолнинг тенгдоши бўлган марказий жоме бугунги кунда минглаб намозхонларга хизмат қилиб келмоқда.
Жоменинг қурилиш ишларини Асака тумани аҳолиси ҳашар йўли билан бажарди. Бу савобли ишга туманнинг ҳар бир гўшасидан минглаб мусулмонлар муносиб ҳиссалар қўшдилар. Масжид биноси уч қаватли қилиб, пишиқ ғиштдан барпо этилди. Уни безатиш вақтида ҳар хил усулда ётқизилган турли рангдаги ғиштлардан фойдаланилди. Уч қават бинонинг барча дарозалари учли равоқ шаклида ясалди. Намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида уч томонда кириш эшиклари очилди.
2014 йилда эса “Холид ибн Валид” масжиди замон талабига мос тарзда янгича тартибда жиҳозланди. Масжид ҳовлиси ёрқин мармар тош билан ўралди. Бинонинг устки қисми мовий рангдаги нақшли гумбазлар билан безаб чиқилди.
Ўтган йиллар давомида замонавий таҳоратхона ишга туширилди, хонақоҳ саҳнига мармар ётқизилди. Масжидда ҳозирги кунларда ҳам қурилиш ва қайта таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Масжиднинг номи машҳур саҳобий Холид ибн Валид номига қўйилган. Умумий майдони – 2 400 квадрат метр. Бир вақтнинг ўзида олти мингдан зиёд инсонлар намоз ўқийди.
Масжиднинг www.tavhid.uz веб-сайти ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда.
http://hidoyatuz.taplink.ws