Дардим мени Аллоҳга яқинлаштирди
Маҳалла шифокорининг йўлланмаси билан Онкология марказига келган Мунира қоғозда кўрсатилган текширувлардан ўтди. Таҳлил жавоблари чиққач, аёллар шифокори ҳузурига кирди. “Зудлик билан қон таҳлилларини топширинг, танангиздаги ўсимта хавфли саратонми ёки хавфсизми, шуни аниқлаш керак!” деди доктор.
“Шифокорнинг гапи оғзининг бир четидан чиқиб кетдими?” дея хаёлидан ўтказди Мунира. Бирор марта бачадонидан шикоят қилмаган. Тўғри, сўнгги уч ой ичида тўрт-беш марта оғриқ бўлганди. Охиргисида оғриқ қолдирувчи дори ҳам таъсир қилмагани сабаб бир ровга келганди.
Шифокор бир парча қоғоз тутқазиб: “Шу таҳлилларнинг барчасидан ўтиб келинг”, дея шаҳардаги машҳур хусусий шифохонанинг манзилини тушунтирди.
Мунира шифохона ҳовлисига чиқиб, тўйиб-тўйиб нафас олди. Охирги пайтлар негадир асаби таранг. Боя йўлакчадаги аёллар суҳбатида шу ерга қатнаётгани ва энг аянчлиси кўкрагини ҳам олдирганини айтишганди. Мунирани ваҳима босди. Аллоҳнинг синови эканини қалбан ҳис этди. Беихтиёр мамнуният билан шивирлади: “Алҳамдулиллаҳ! Гуноҳларимга каффорат бўлсин. Шифо Аллоҳдан!” Хусусий шифохонада текширувлардан ўтиш зарурлигини англаб етди.
Таҳлил жавоблари икки ҳафтада чиқар экан, вақтни ўтказмай, истиғфорни кўпайтирди. Таҳажжуд намозларини ҳар куни ўқиди. Жавоблар чиққач эса, Мунира қоғозларни олиб, Онкология маркази томон “учди”. Шифокор таҳлилларни кўздан кечирар экан: “Табриклаймиз! Таҳлилларингиз ёмон эмас. Асосийси, папиллома вируси йўқ. Демак, бачадондаги яра саратон эмас”, деди. Мунира қайта дунёга келгандек бўлди. Шифокор: “Сизда 2-даражали дисплазия, аниқроғи, жиддий яра ўчоқлари аниқланган ва улар ривожланмоқда. Одатда бундай ўсимтани папиллома вируси келтириб чиқаради. Таҳлилларингизда вирус чиқмаган. Шунга қарамай, бу ҳолат саратонолди бўлиб, уни ўз вақтида тўхтатмасак, ўсишда давом этади”, дея тушунтирди. Ўсиб бораётган ярани ҳозирги тиббиётда “музлатиш” мумкинлигини, аммо бу кичик амалиётни бажаришдан олдин бир ҳафта зарур дори-дармонларни қабул қилиш шартлигини айтди.
Мунира тайинланган дориларни харид қилар экан, даволаниш жараёнида Қуръони каримнинг олтита шифо оятини ҳар куни ўқишга аҳд қилди. Таомланишда ҳам Мунира ҳар луқмасига “Ё Шафиъ”, дея Аллоҳдан тинмай шифо сўрарди. Сув поклик, деб унга Фотиҳа сурасини ўқир ва буни кун давомида ичарди. Шу орада муҳтож оилаларга эҳсонлар улашди. Даволаниш ҳафтаси тугагач, Мунира Онкология
марказига борар экан, кўнгли хотиржам эди.
Шифокор кўрикдан ўтказар экан, кўзларига ишонмай, ҳайратланиб: “Бачадондаги яралар ранги ўзгариб, худди соғлом тери сингари тусланмоқда. Одатда соғлом ҳужайралар янгиланади, аммо 2-даражали дисплазия ҳолатида бу мураккаброқ кечиши керак. Сизда эса бунинг аксини кўряпман. Бундай вазиятда жарроҳлик амалиётини ўтказмай, кузатишда давом этамиз”, дея табассум қилди. Муниранинг кўзларидан ёш қалқди: “Ё Раббим, алҳамдулиллаҳ!” У шифокорга ярим ой ичида узлуксиз истиғфор айтганини, шифо оятларини тинмай ўқиб ўзига дам солганини ҳаяжон билан сўзлади. “Илтимос, опажон, бошқа беморларингизга ҳам шу тавсияларимни етказинг. Касаллик ҳолати ҳар хил бўлса-да, шифо Аллоҳдан!”
“(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” (Исро сураси, 82-оят).
Дарҳақиқат, Қуръон оятларининг инсон танаси ва саломатлигига таъсирини тиббиёт илмий тасдиқламоқда. Бандаси эса Унинг зикрида яшаш ва ҳар бир хайрни Ундан кутиши лозим.
Нафиса ПАРДАЕВА оққа кўчирди.
“Мўминалар” журнали, 3-сон, 2025 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws