Бахтли яшаймиз…
Аёлга уй-рўзғор юмушларини ўрганиш лозим бўлганидек, эркак касб-кор қилиши, бозор-ўчар ишлари билан машғул бўлиши керак, яъни бирор касбнинг бошини тутиши зарур. Хотиндан ҳам, эрдан ҳам вазифасига масъулият билан ёндашиш талаб этилади. Эркак киши доимо оила таъминоти ҳақида қайғуриши шарт.
Аёл эрига ҳусни, итоати, эҳтироми билан эътибор беради. Эр касб-кор қилиб, пул топади, хотини ва болаларини моддий жиҳатдан таъминлайди. Аллоҳ таоло жорий қилган тенглик мана шудир.
Эркак оиласи таъминотини биринчи ўринга қўйиши керак. Шариатнинг ушбу вожиб амалини бажаришда Аллоҳ таоло унга мададкор бўлади. Парвардигор бир неча оятларда унинг ризқини кафолатлаган: “…Очликдан қўрқиб болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирармиз…” (Анъом сураси, 151-оят). “Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарса (бор)” (Зориёт сураси, 22-оят). Лекин буларнинг бари банда сабабларга риоя қилиб, Аллоҳ таолога суянгандан сўнг рўёбга чиқади.
Аёл эрига эътиборли бўлганидек, эр ҳам аёлини тушуниши, эъзозлаши, ғамхўр ва меҳр-муҳаббатли бўлиши лозим.
Эркак киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “Аёллар билан яхши муомалада бўлинг”, деган сўзларини ҳеч вақт унутмаслиги керак.
Юқоридаги барча огоҳлантиришлар эрнинг аёлига зулм қилмаслиги учундир. Аёл – унга Аллоҳнинг омонати. Омонатга хиёнат қилиши мумкин эмас.
Эрнинг аёлига муомаласи
Эр синглиси ва қизига қандай муомала қилинишини яхши кўрса, аёлига ҳам шундай муомалада бўлади. Синглиси ва қизига рози бўлмайдиган нарсани аёлига ҳам раво кўрмайди.
Эркак оилада раҳбар ва шу ишга масъул эканини тушуниб ётиши зарур. Аёли унинг масъулияти остига киради. Хотинидан ўзини четга олмайди, унга яхши муомала қилади.
Оила бошлиғи айрим ўринларда аёли ва фарзандларига қаттиққўл, талабчан бўлиши шарт. Кечириш керак бўлган жойларда мурувват кўрсатади. Шундай қилса, ўзи билан оиласи ўртасидаги муносабатни муҳаббат асосига қуради. Аллоҳ таоло билан алоқамиз Унинг азобидан қўрқиш ва раҳматидан умидвор бўлишдан иборат. Эр-хотин ва фарзандлар ўртасидаги ҳаққоний ўлчов ҳам шунга монанд бўлиши қандай ҳам гўзал!
Салоҳ Муҳаммад Абул Ҳожнинг “Эр-хотинлик ҳаёти…” китобидан
Сора ҲУСАЙН қизи тайёрлади.
“Мўминалар” журнали, 4-сон, 2025 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws