Ориятни унутдингиз!
Профессор талабаларига унутилмас сабоқ бериш, қолаверса, улардан қай бири муваффақиятга эришишини аниқлаш мақсадида ажойиб усул қўллади. Гуруҳдаги 5-6 талабани хонасига чақирди. Зарур бир масалани ҳал этиши лозимлигини айтиб, кутиб туринглар, дея ташқарига чиқди. Столининг устида эса тест жавобларини “унутиб қолдирди”.
Орадан 2 кун ўтиб, талабалар тест топширдилар. Ҳамма ишонч билан жавобларни белгилади. Чунки талабалар профессорнинг жавобларини қўл телефонига суратга олиб, бутун гуруҳга тарқатган эдилар.
Эртаси куни профессор қўлида жавобларни кўтариб кириб келди. Бирма-бир талабаларига боқди. Ҳамма мамнун, энг юқори баллни олишларига ишончлари комил эди. Бироқ профессорнинг эълони барчани ҳайратга солди:
– Имтиҳон натижалари жуда ёмон. Барчангиз ноль балл олдингиз!
Хона ғала-ғовурга тўлди. Норозилик билдира бошладилар:
– Нега энди?!
– Биз тўғри жавобларни ёздик?!
– Нега энди ноль?!
– Гап шундаки, жавоблар ёзилган варақни столим устида атайлаб қолдирган эдим. Жавобларнинг ҳаммаси нотўғри эди.
Барча талабалар уялганларича жим бўлиб қолишди. Кейин профессор синфдаги бир талабага юзланди, жавобни кўчирмаган ягона талабага:
– Табриклайман, имтиҳондан ўтган ягона талаба – сенсан!
Кейин эса бошқа талабаларга юзланди ва:
– Инсон заковати билан юксалади, ахлоқи билан эса ўша юксакликда қола олади. Сизлар ақлли бўлишни танладингиз, фақат ориятли бўлишни унутиб қўйдингиз! – деди.
Барча талабаларнинг уятдан юзлари қизарди…
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Мўминалар” журнали, 4-сон, 2025 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws