“Эҳсонингиз” исроф эмасми?
Аёллар орасида тоғора можароси ҳам бор. Масалан, меҳмон олиб келган нарсанинг миқдори, нархи инобатга олиниб, унга қайтарилади. Қўли калта, нарсаси кам бўлса, шунга яраша жавоб берилади. Балки улар ҳақиқий эҳтиёжманддир.
Тўй эгаси элга дастурхон ёзар экан, кўпнинг дуосини олишни, эҳсони қабул, муроди ҳосил бўлишини истайди. Хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтожларга ёрдам кўрсатиш экани тўғрисида Расули акрам алайҳиссалом бундай деганлар: “Таомларнинг энг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир” (Муттафақун алайҳ).
Айримлар тўкин дастурхон ёзиб, зиёфат қилар экан, муҳтож қўшниларини унутиб қўяди. Меҳмонлар эса тўқ қорнини кетма-кет овқатлар билан тўлдиради.
Афсуски, ортиқча таомларни чиқиндига ташлаш ҳолатлари ҳам кўп кузатилади. Бу исрофлар қайсидир беморнинг сўнгги дорисига ёрдам, бугун оч ухлаган оилага нажот бўлиши мумкин.
Наҳл сураси 90-оятида бундай марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради”.
Шифохонага, дорихонага кўп ишимиз тушиши сабабларидан бири ҳам кўп исроф қилишдир. Танамиз саломат, оиламиз фаровон, умримиз баракали бўлишини истасак, эҳсон қилайлик, исрофдан тийилайлик!
Ўткирхон МАҲМУДОВ,
Китоб тумани “Хожа Бухорий” жоме масжиди имом ноиби
“Мўминалар” журнали, 4-сон, 2025 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws