Илм – нажот йўли
Юртимизда жуда кўп хайрли ишлар бўлаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз, Айниқса, бошқа соҳалар билан бирга, илмий-ижодий соҳага ҳам катта эътибор қаратилаётгани самараси ўлароқ, Ватанимизда кўплаб оламшумул воқеалар юз бераётирки, бундан ёшу қари баробар хурсанд бўлмоқда. Хусусан, пойтахтимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Бухорои шарифдаги Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний Фиқҳ илмий-амалий маркази буюк алломаларимизнинг меросини пухта тадқиқ этиш ва уларни жаҳонга танитишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шу муборак даргоҳлар сафига яқиндагина Термиздаги Имом Термизий номидаги Ислом институти қўшилди. Жорий йилдан Тошкент Ислом институтида магистратура бўлими ҳам иш бошлади. Бу янгиликлар толиби илмлар учун ниҳоятда катта қулайликлар яратди, албатта.
Бинобарин, илму маърифатда катта ютуқларни қўлга киритиш, илмнинг равнақига ҳисса қўшишни мақсад қилиб, бу йўлда катта-катта таълим ва тадқиқот даргоҳлари барпо этишга барча давлатлар ҳақли ва бундай ишларни бажараётган давлатларни соғлом фикрли инсонларнинг барчаси олқишлайди.
Дарҳақиқат, диний илмни пухта билиб, дунёвий илмида кемтиклик бўлган ёки дунёвий илмни яхши ўзлаштириб, диний илми саёзроқ бўлган олимлар ҳеч қайси замонда жамиятни илгари бошловчи, халқнинг онгу шуурида катта ўзгаришлар ясовчи авангард тимсолга айлана олмаган. Аксинча, айнан ўшалар жамиятнинг турғун, мутаассиб жамиятга айланиб қолишига сабабчи бўлган.
Кейинги вақтларда илмни дунёвий ва динийга ажратиш урфга айланиб кетди-да, аслида дунёвий илм моҳиятан диний илмнинг бир йўналиши саналади. Чунки дунёвий илмни билмаган – табиат қонунлари, моддаларнинг хоссалари, маконларнинг жойлашувларини… ўрганмаган одам ояти каримада нима ҳақида гап бораётганини қаёқдан билсин!
Ўрни келганда бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоизки, бутун дунё мусулмонлари пешволари, балки Ислом тарихини ўрганган бошқа илоҳиётшунос ва тарихчи олимлар ҳам бизнинг уламо аждодларимизни якдиллик ила эътироф этади. Негаки, ана ўша шарафли зотлар динда мўътадилликни одат қилганлар ва шу одатларига ҳеч қайси замонда оғишмасдан амал қилиб келганлар.
Хўп, улар ана шу мўътадилликка қандай эришганлар? Васатия илм йўли билан ҳосил қилинган. Илми заиф кимса масофанинг ўртасини илм етмагани боис ажратиб ололмаслиги барчага аён ҳақиқат. Шунинг учун ҳам ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратлари: “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”, дея Одам алайҳиссалом авлодларини жаҳолат ботқоғидан чиқиб маърифат гулшанига ўтиб олишга даъват этганлар.
Зотан, Ислом дини инсон манфаатлари ва жамият тараққиётига хизмат қилувчи ҳар қандай кашфиёт ва янгиликни юксак қадрлайди, қўллаб-қувватлайди. Буни муқаддас оятлар ва муборак ҳадислар ҳам тасдиқлайди. «Илм» сўзи Қуръони каримда 811 ўринда турли маъноларда келади. Жумладан, қуйидаги ояти каримада:
«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража(мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят), дейилган.
Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу оятни: «Албатта, даражаларни кўтариш улуғ фазлу марҳаматга далолат қилади ва дунёда олий мартаба, шон-шуҳрат каби маънавий юксакликни ҳамда жаннатдаги олий мартаба каби ҳиссий юксакликни қамраб олади», дея тафсир қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида илмга даъват этганлар.
Абу Бакрадан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ё олим бўл, ё мутааллим бўл, ё тингловчи бўл ёки (илмга) муҳаббатли бўлгин. Бешинчиси бўлма, ҳалок бўласан» (Баззор ва Табароний ривоят қилишган). дея илмнинг даражаси нақадар улуғ эканини ифода этганлар. Эҳтимолки, Имом Бухорий ҳазратлари биз олдинроқ тилга олиб ўтган ҳикматларини ана шу ҳадисдан ҳосил қилгандир…
Дамин ЖУМАҚУЛ
http://hidoyatuz.taplink.ws