Қалбда зарра иймон бўлса…
Аллоҳ таолога иймон келтириш – диннинг асоси. Банданинг зиммасидаги биринчи фарз ва барча солиҳ амалларнинг пойдевори ҳисобланади. Усиз ҳеч бир амал қабул бўлмайди.
“Иймон” сўзи “тасдиқ этиш”, “ишониш”, “омонлик бериш” маъноларини англатади. Шунга кўра, Аллоҳ таолонинг ягоналигига ишониб, иймон келтирган киши икки дунё хавф-хатарлардан омон булади. Истилоҳий маъноси эса Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, холиқлиги, барча ишларнинг тадбирини қилиб турувчи, бандаларнинг ризқини берувчи Зот дея тил билан иқрор қилиб, дил билан тасдиқлашни англатади.
Даҳрийлар Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни ўлдиришга қасд қилиб юришарди. Бир куни у зот масжидда ўтирганида, улар қилич яланғочлаб келишди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ даҳрийларга: “Аввал бир масалага жавоб беринглар. Сўнгра хоҳлаганингизни қилаверасизлар”, деди. “Нима масала экан?” дейишди улар. Шунда имом: “Денгизда бошқарувчисиз бир қайиқ бор. У қайиқ уммоннинг улкан тўлқинлари ва даҳшатли шамолларидан бошқарувчисиз, эсон-омон сузиб ўтиши ақлга тўғри келадими?” деди… Улар: “Йўқ, бу ақлга тўғри келмайди”, дейишди. Имом: “Субҳаналлоҳ! Денгиздан биргина кема бошқарувчисиз сузиб ўтиши мумкин бўлмаса, унда пасту баландликлар (Еру осмонлар) ва ундаги барча нарса Яратувчисиз қандай қойим турар экан?” деди. Даҳрийлар бу сўзни эшитиб йиғлай бошлашди ва тавба қилиб мусулмон бўлишди.
Аллоҳ таолога иймон келтириш муҳим ва хатарли масала. Муҳимлиги шундаки, амалларнинг тўғри ва қабул бўлиши унга боғлиқ. Масаланинг хатарли жиҳати эса барча адаш оқимлар иймон мавзусини нотўғри тушуниб, адашиб кетганлар.
Аллоҳ таолога иймон келтириш ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга иймон келтирингиз…” (Нисо сураси, 136-оят). Оятда бир сўзнинг икки марта такрор келиши таъкидни ифода қилади. “Тафсири Самарқандий”да ояти карима: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга бўлган иймонларингизда собит бўлинг”, дея тафсир қилинган. Демак, Аллоҳ таолога иймон келтирган банда то вафот бўлгунча иймонини асраб-авайлаб, унда собит бўлиши лозим.
Иймон келтирган Аллоҳ таолони яхши таниш билан маърифат ҳосил қилиши керак. Бу У Зотнинг гўзал исмлари ва сифатларини билиш билан бўлади. Қуръони каримда: “Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг”, дея марҳамат қилинади(Муҳаммад сураси, 19-оят). Муфассирлар: «Оятдаги “иъламу”калимаси “илм” сўзидан олинган бўлиб, шунга кўра, Аллоҳ таолони илм асосида таниш лозим.Чунки билмаган нарсага қандай иймон келтирилади, қандай муҳаббат қўйилади?!» дейдилар.
Иймон ўз эгасини ҳар қандай ҳолатда Яратганнинг буйруқларига итоат қилиш ва қайтариқларидан қайтишга чорлайди ва бу ҳолат банданинг қалбида Аллоҳга муҳаббат пайдо қилади.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил, 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws