Эрга итоат – хотинга шараф
Иброҳим алайҳиссаломнинг завжаси Ҳожар онамиз кучли иймон ва таваккул соҳибаси эди. Ривоятларга кўра, Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар онамиз ва ўғли Исмоилни сувсиз, қумлоқ, тошлоқ биёбон – Макка водийсида қолдириб изига қайтмоқчи бўлганида Ҳожар онамиз: “Эй Иброҳим алайҳиссалом, бу ишни сизга Аллоҳ буюрдими?” деб сўрайди.
Иброҳим алайҳиссалом: “Ҳа”, деб жавоб берди.
Бу катта синов эди. Ҳожар онамиз ўзининг аёллик сабри ва таваккули ила йиғлаб-сиқтамади, бизни қаерга ташлаб кетаяпсиз, деб дод-вой солмади. Ҳожарнинг Аллоҳга таваккули ва эрига итоати туфайли Раббимиз уни азиз қилди: онамизнинг фарзанди учун сув қидириб югургани ибодат даражасига кўтарилди. Ҳаж ва умрага келган миллионлаб мусулмонлар Сафо ва Марва орасида онамиздан қолган вожиб амални ҳам адо этадилар.
Аллоҳга таваккул ва эрга итоат туфайли бир аёлнинг қилган саъйи мусулмонларга “суннат” бўлиб қолди. Унинг итоати ту файли қумлоқ, тошлоқ биёбон обод ва кўркам шаҳарга айланди.
Ҳаётда кўрамизки, баъзи аёллар ўз эрларига итоат этиш билан синовда эканини яхши англамайдилар. Хотин киши қаноат ва шукрдан воз кечиб, ўзини ҳам, эрини ҳам қийнаб қўймаслиги керак. Айниқса, тўй-ҳашам ва бирон оилавий маросимларда баъзи хонадонда аёлларнинг гапи гап, сўзи сўз бўлиб қолаётганига нима дейсиз?
Ҳаётда эркак билан тенгма-тенг талашиб-тортишаётган ва бошқа нохуш ҳолатларни кўрганда аёл зотининг қай даражада ўзгариб кетганига ҳайрон қолмасдан бошқа илож йўқ. Ўзи мўмай пул топиб эрини маломатга кўмаётган, дугоналари билан зиёфатма-зиёфат юриб, кайф-сафодан бўшамаётган ва болалар тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйган аёллар қаердан пайдо бўлди, деб ўйлайсиз?
Буларнинг ҳаммаси эрига итоат қилмаслик ва ҳақини адо этмаслик оқибатида келиб чиқмаяптими?
Ўтмишда табаррук ёшга кирган момоларимиз, мушфиқ оналаримиз иффат, ҳаё ва итоатнинг намунаси бўлишган. Ишдан қайтганда улар эрини очиқ чеҳра билан кутиб олишни, рўзғорнинг кам-кўстини айтавермай, яширишни аёллик вазифаси деб билганлар. Эрнинг топиш-тутишига қараб, ўзига ё болаларига бир нарсани сотиб олишни истиҳола билан ийманиб сўрайдиган, болалари хархаша қилган тақдирда ҳам отангга ҳозир буни айтиб бўлмайди, сабр қилиб тур, деган аёллар энди орзу бўлиб қоладими?
Бу фазилатлар, афсуски, замон ўтиши билан турмуш тарзимиздан тобора йўқолиб бораётгандек кўринади. Баъзи аёллар шарм-ҳаёни йиғиштириб, интернет орқали ўзларини оммага кўз-кўз қилиб, очиқ-сочиқ қиёфасини реклама қилишдан уялмаётир. Бундай ҳаёсизлик аёллик шаънига мутлақо ётдир. Она-момоларимиз эрининг кўзига қарашга уялишган, эрига нисбатан ўз меҳр-муҳаббати ва ҳис-туйғуларини жиловлай олган, уларни очиқча намойиш этишни аёллик шаъни ва ғурурига тўғри келмаслигини яхши билишган. Бугунги тезкор глобаллашув замонида шу каби онаю момолар ҳақидаги гап-сўзлар, уларнинг хотираларигина қолгандек гўё… Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:“Агар одам одамга сажда қилиши жоиз бўлганида, аёлнинг эрига сажда қилишини буюрган бўлардим” (Имом Аҳмад ва Имом Баззор ривояти). Ушбу ҳадис аёл учун эрининг ҳақи қай даражада улуғ эканини кўрсатади. Ислом дини бугунги интернет асрида хотин-қизларни аврайдиган, адаштирадиган ва йўлдан урадиган омилларга қарши қўллай олиш мумкин бўлган ажойиб ва метин ҳимоя қуроллари – адолатли ҳукмлар берганки, улардан ўз ўрнида ва тўғри фойдаланган аёл эрининг розилигини топиши ва амрини бажариши орқали бу дунё саодатига эришибгина қолмай, балки охиратда нажот ҳам топади.
Бобомурод ЭРАЛИ,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос
“Мўминалар” журналининг 2025 йил, 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws