Ҳасад – яхшиликлар кушандаси
Мўмин киши гўзал фазилатларга эга бўлиши лозим. Афсуски, баъзи одамлар ҳасад, кўролмаслик иллатига мубтало бўлиб, номақбул ишларга қўл урадилар.
Ҳасад – бир кишига берилган неъматнинг ундан йўқолишини ёки унинг ўрнида ўзи бўлишини орзу қилишдир. Бу Аллоҳ таолонинг бандаларига тақсимлаган неъматларига нисбатан норозиликни ҳам англатади. Зеро, ҳасад киши қалбини иллатга, иймонини сустликка олиб келади, ҳасанотларни эса йўққа чиқаради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай огоҳлантирганлар: “Ҳасаддан сақланинглар, чунки ҳасад оловнинг ўтинни егани каби, яхшиликларни еювчи нарсадир”(Имом Ибн Можа ривояти).
Ўзини гина-кудурат, ғазаб ва ҳасаддан сақлаган мўмин учун улкан ажр-савоблар бор. Саодат асрида содир бўлган қуйидаги ҳикоя эса бунга яққол исботдир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. У зот дедилар: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”. Шу пайт ансорийлардан бир киши, соқолларидан таҳорат суви томиб турган ҳолда, кавушини қўлида кўтариб келди. Эртаси куни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар, яна ўша киши кирди. Учинчи куни ҳам айнан шу ҳол такрорланди”.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу бу кишига қизиқиб, унинг амалларини билиш ниятида уйида уч кеча тунади. У кишининг кечалари алоҳида ибодат қилмаганини, аммо ҳар сафар уйғониб кетганида Аллоҳни зикр қилганини кузатди. Уч кечадан сўнг Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу унга бундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни жаннат аҳлидан деб башорат бердилар. Лекин мен сизнинг катта бир амал қилганингизни кўрмадим. Сизни у даражага етказган нима?” У жавоб берди: “Амалларим – фақат сен кўрганларинг. Аммо қалбимда ҳеч бир мусулмонга нисбатан ғазаб ёки ғил йўқ. Аллоҳ берган неъмат учун ҳеч кимга ҳасад қилмайман”. Шунда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу дедилар: “Ана шу сизни у даражага етказган ва биз тоқат қила олмайдиган амалдир”(Имом Аҳмад ривояти).
Демак, мўмин киши кўнглини ҳар доим адоват ва кибрдан холи тутиши, аксинча, эзгуликлар билан лиммо-лим қилиши лозим. Шунда у ҳақиқий мўмин бўла олади ва Аллоҳнинг ризолигига эришади
Анвархон САДРИДДИНОВ,
Наманган шаҳар “Ҳазрати Лангар” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил, 22-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws